Украинада Россия газини бошқа мамлакатларга ўтказиш бўйича келишувни узайтириш режаси йўқ. Бу ҳақда Президент Владимир Зеленский маълум қилди.

– Ҳеч ким Россия билан келишувни давом эттирмайди, – деган у “Украина-2024. Мустақиллик” форумидаги матбуот анжумани чоғида. – Бу охири. Бошқа компаниялардан газ транзитига келсак, айрим европалик ҳамкасбларимиз илтимосини биргаликда кўриб чиқамиз.

Давлат раҳбари РФ ҳудудида Ғарб қуролини қўллаш бўйича муайян чеклов сақланиб қолаётганини ҳамкор-етакчилар қандай изоҳлаши юзасидан ҳам фикр билдириб, ғарблик ҳамкорлар у билан мазкур тақиқни бекор қилиш ҳақида гаплашишдан қочаётганини айтди.

– Улар бу ҳақда гаплашмасликка ҳаракат қилади, мен эса масалани кўтараман, – деди Зеленский.

Украина Президенти янги тинчлик саммитига тайёргарлик тафсилотини ҳам ошкор қилди:

– Украина Россия биринчи саммитда қатнашмаслиги тарафдори. Киев ноябрь ойида бўлиб ўтадиган иккинчи тинчлик саммити режаси бандларини тайёрлайди. РФ вакилларининг “Иккинчи жаҳон саммити”даги иштироки масаласига келсак, бу барча мамлакатлар хоҳиши билан боғлиқлигидан келиб чиқиш зарур. Урушни тугатиш имкони борлигига ишонамиз. Биз Россия вакилларисиз давлатларни тўплашга муваффақ бўлдик. Осон бўлмади, лекин жуда кўп сонли – 100 дан зиёд мамлакат, институтни бирлаштирдик. Менимча, бу жуда муҳим ва муваффақиятли жараён. Агар РФ кейинги саммитга келишни хоҳласа, марҳамат! Акс ҳолда, биз иккинчи йиғилишда жуда кўп давлатларни йўқотишимиз мумкин.

Владимир Зеленский америкалик ҳамкасби Жо Байден билан учрашишини ҳам маълум қилди. Унинг таъкидлашича, энди кўп масала АҚШ билан ҳал бўлади, шу боис Вашингтон билан кўпроқ мулоқот қилиш керак. Украина раҳбари Европа давлатлари Россия ҳудудига ракета зарбаси берилишига рухсат бериш ҳақида қарор чиқариши ҳам Қўшма Штатлар позициясига боғлиқ эканига шаъма қилди.