Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви давом этмоқда.
–Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Олимпиада ўйинларида нафақат курашчи-паҳлавонлар юрти, балки чавандоз ва югурувчилар, мерган ва қиличбозлар, гимнаст ва сузувчилар, футболчи ва теннисчилар, марафончи ва велоспортчилар мамлакати сифатида ҳам муносиб иштирок этиши керак, – деди Президент.
Бунинг учун мамлакатимиздаги зарур спорт инфратузилмасига эга бўлган 15 та Олимпия ва паралимпияга тайёрлаш маркази, 6 та Республика олий спорт маҳорати мактаби, 56 та ихтисослаштирилган спорт мактабига ана шу йўналишларда юқори маҳоратли спортчиларни тарбиялаган маҳаллий ва хорижий тренерларни бириктириш лозимлиги таъкидланди.
Ҳукуматга спорт федерациялари раҳбарлари билан биргаликда ҳар томонлама асосланган таклифларини киритиш топширилди.
Оммавий спортни ривожлантириш миллий олимпия ҳаракатининг ажралмас бир қисми бўлиши кераклиги қайд этилди.
Шу боис мамлакатимизда оммавий спортни янада ривожлантириш ҳақида таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
ЎзА