Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти бугун бутун дунёни ўзига жалб этмоқда. Мамлакатимизга Япониядан сайёҳлар сонини ошириш мақсадида кун чиқар мамлакатнинг «NHK» телеканали ижодий гуруҳи юртимизга келган эди. Ташриф доирасида «NHK» телеканали дастурида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига оид видеорепортаж тақдим этилди, дейилади Туризм қўмитаси маълумотида.

Унда Япония халқини Ўзбекистондаги туризм имкониятлари билан яқиндан таништириш мақсадида Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари, Зомин ва Бўстонлиқ туманларидаги туризм инфратузилмаси, сайёҳлик масканлари, бой маданий меросимиз, ҳунармандлар ижоди ва хорижий меҳмонлар учун маҳорат дасрлари ҳақида сўз юритилади.

Япония телеканали дастурида Ўзбекистоннинг турфа хил миллий таомлари, бой тарихий обидалари ва чиройли табиати ҳамда ўзбек халқининг меҳмондўстлигига алоҳида урғу берилган. Бундан ташқари, кўрсатувда шаҳарларимизда хорижий сайёҳлар учун яратилаётган қулайлик тўғрисида юртимизда саёҳат қилиб юрган япониялик туристлар ўз фикрлари билан бўлишган.

Телерепортажда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов мамлакатимизда туризм соҳасида яратилган имкониятлар, олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар ҳақида гапириб, японияликларни мамлакатимизга саёҳат қилишга чорлади.

А.РУСТАМОВ, ЎзА