Жорий йилнинг 29 август кунидан 9 сентябрь кунига қадар Бирлашган Араб Амирликларининг Аль-Айн шаҳрида ўсмирлар, ўсмир қизлар, кичик ўсмирлар ва кичик ўсмир қизлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади.

Ушбу нуфузли мусобақада қитъамизнинг 26 давлатидан 500 нафарга яқин турли ёшдаги чарм қўлқоп усталари иштирок этади. Мусобақада жамоамиз 3 та таркибда қатнашади.

Аниқроғи, ўсмирлар ўртасидаги беллашувларда 13 нафардан ўғил ва қиз боксчиларимиз баҳсларга киришса, кичик ўсмирлар тоифасида 15 нафар спортчимиз рингга кўтарилади. Уларга мураббийлар: Хулио Ли Эчаварриа, Сирожиддин Наимов, Бахтиёржон Тўрабоев, Маъруфжон Музаффаров, Жаҳонгир Раҳмонов, Баҳром Раҳимов, Жасурбек Латипов, Ҳамза Авезов, Аъзим Худойқулов, Ислом Таджибаев, Акмалбек Қосимов ва Элдор Холматов жанглар давомида кераклик кўрсатмаларни бериб боради.

Шунингдек, терма жамоамиз менежери сифатида Мирзоҳид Нўмонов, шифокор бўлиб Хуршид Миргалиев делегациямиз таркибидан жой олган. Мазкур чемпионатда ҳамюртимиз Бекжон Юсупов ҳакам сифатида фаолият олиб боради.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА