Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Украинага келди. Ташрифдан мақсад, ҳамма кутганидек, Президент Владимир Зеленский билан Украина – Россия можаросини тўхтатиш юзасидан гаплашиш эди. Шунингдек икки томонлама муносабат ҳам кун тартибидаги мавзулардан бири бўлди.
Таъкидлаш жоиз, Моди Москва билан ҳам, Киев билан ҳам алоқани ушлаб турган саноқли сиёсатчилардан бири саналади. Айни пайт кўплаб оммавий ахборт воситалари асосий эътиборни мазкур ташриф натижасига қаратмоқда.
“РИА Новости” ёзишича, Бош вазирга ҳамроҳлик қилаётган мамлакат ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар икки мамлакат етакчиларининг Киевда бўлиб ўтган учрашувидан кейин брифинг ўтказиб, Ҳиндистоннинг қараши зиддиятни ҳал қилиш учун мулоқот зарурлиги ва жанг орқали тинчлик ўрнатишнинг иложи йўқлигига асосланганини эслатган.
– Бош вазир бизнинг позициямизни, яъни мулоқот ва дипломатия ихтилофни ҳал қилиш калити экани, ечим жанг майдонида эмас, балки тинч йўл билан топилишини айтди, – деди у. – Зеро глобал жанубда ушбу можаронинг оқибати ҳақида кенг тарқалган хавотир бор.
Жайшанкар таъкидлашича, Моди июль ойи бошида Москвага ташрифи чоғида Россия Президенти Владимир Путин билан ҳам суҳбатлашганини эслатган. Зеленскийдан жанговар ҳудуддаги вазият ҳамда “мавжуд вазиятнинг дипломатик жиҳатига баҳо беришни сўраган. Зеленский бу масалада “анча узоқ” гапирган.
Ҳарбий амалиётдан ташқари, озиқ-овқат ва энергетика билан боғлиқ ўрта муддатли истиқболдаги ташвишли масалалар ҳам кўтарилган.
Жайшанкар муаммони ҳал қилишга турли ёндашув мавжудлигини таъкидлаган. Тинч йўл билан келишув йўллари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, мулозим Ҳиндистон томони ўз ғояси билан ўртоқлашгани, шунингдек бошқа бир неча давлат билан ҳам музокара олиб борилгани, жумладан Москвадаги батафсил муҳокама ҳам натижа берганини билдирган. Украина томони, ўз навбатида, нафақат “Москвадаги гаплар”га изоҳ берди, балки ўз қарашини ҳам батафсил ифодалади. Суҳбат якунида ҳар икки томон муҳокама қилинаётган масала “ўта мураккаб муаммо” эканини эътироф этган.
Зеленский Моди билан учрашувни барча украиналиклар учун ғоят дўстона ва аҳамиятли воқеа сифатида баҳолади.
Табиийки, Ҳиндистон Бош вазирининг Украинага ташрифи Вашингтонни ҳам бефарқ қолдирмади. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик алоқалар мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби мазкур мулоқот фойдали бўлиши мумкинлигини айтган.
– Ҳиндистон, шунингдек Бош вазир ҳам АҚШнинг кучли ҳамкори, – деган мулозим журналистлар учун уюштирилган брифингда. – Унинг Киевга сафари ва Президент билан уруш қачон, қандай якунланиши ҳақидаги суҳбати можарони тўхтатишга кўмаклашса, Зеленскийнинг адолатли тинчлик ўрнатишга нисбатан қарашига жавоб берса, учрашувни фойдали, деб ҳисоблаш мумкин.
С. Раҳимов, ЎзА