Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева Кўксарой қароргоҳида Озарбайжон Республикаси Президентининг рафиқаси Меҳрибон Алиева билан учрашув ўтказди.
Давлат раҳбарларининг музокаралари доирасида ўтган суҳбат чоғида қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, бунда маданий-гуманитар алоқаларимиз, анъана ва қадриятларимиз муштараклиги алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.
Сўнг Биринчи хонимлар Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказидаги «Mehrli maktab» госпитал турдаги мактабда бўлдилар. Муассаса Ўзбекистонда янги йўналиш – госпитал педагогиканинг шаклланиши учун илмий ва амалий таянч ҳисобланади. Бу ерда узоқ муддат даволанаётган болалар таълим олиш ва ижод қилиш имкониятига эга.
Бугунги кунда республикамизда бундай муассасалар сони саккизта. Кўплаб эзгу лойиҳалар ташаббускори Меҳрибон Алиева ана шундай ўзига хос вазифани адо этаётган мактабдаги муҳитдан жуда таъсирланди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур кўргазмасига ташриф буюрилди ва миллий либослар намойиши билан танишилди.