Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев​ Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.

Мажмуа билан қисқача танишув асносида Озарбайжон Республикаси делегацияси вакилларига мазкур ансамбль мазмуни ва меъморий ечимлари ҳақида маълумот берилди.

“Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументи истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган.

Уч минг йилдан зиёд давр – она Ватанимиз ҳудудидаги миллий давлатчилик тарихи илдизлари шу қадар теран. Монументга эътибор қаратган киши мана шу залворли ўтмишнинг бадиий ифодасига гувоҳ бўлади.

Олий мартабали меҳмонлар, расмий хорижий делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида бу ердаги монументга гул қўйиш анъанага айланган.

Делегация аъзолари мажмуада акс эттирилган алломалар, буюк саркарда ва жаҳонгирлар, жадид боболаримизнинг сиймоларига алоҳида эътибор қаратди.

З.ЖОНИБЕКОВ, Н.ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА