Жорий йилнинг 28 август-8 сентябрь кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида XVII ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Унда мамлакатимизнинг 65 нафар спортчиси 9 та спорт тури – пара енгил атлетика, пара таэквондо, пара ўқ отиш, пара сузиш, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара дзюдо, пара пауэрлифтинг ва пара велоспорт йўналишларидаги 113 та совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларидан бири бўлган мазкур спорт тадбирида муносиб иштирок этиш учун турли паралимпиячиларимиз сўнгги тайёргарлик босқичини ўтказмоқда.

Хабарингиз бор “Париж-2024” Паралимпия ўйинларининг пара енгил атлетика мусобақалари 30 август кунидан 7 сентябрь кунига қадар, пара сузиш баҳслари эса 29 августдан, 7 сентябрь кунигача бўлиб ўтади.

Мазкур баҳсларга энг кўп лицензия қўлга киритган пара енгил атлетика ва пара сузиш бўйича миллий терма жамоа аъзолари шу кунларда Францияда сўнгги адаптив машғулотларни олиб бормоқда.

Терма жамоа мураббийлари ҳамда пара спортчилар иқлимга мослашиб олишлари учун махсус дастур асосида тайёргарликни давом эттираётир. Энг муҳими, мамлакатимиз Миллий паралимпия қўмитаси томонидан уларга барча шароитлар юқори даражада яратиб берилган.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА