Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда вояга етмаган болаларни қонунга хилоф диний таълим олишга айнан ота-оналарнинг ўзи олиб бориши ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, 2021-2023 йиллар мобайнида ноқонуний диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ 2 минг 457 маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Уларнинг 1 минг 479 таси “ҳужра” шароитида ташкил этилган бўлиб, уларда таҳсил олаётганларнинг 60 фоизини вояга етмаганлар ташкил этган.
Боланинг қонунга хилоф диний фаолият билан шуғулланувчи ҳеч қандай рўйхатдан ўтмаган, норасмий марказлар ва шахслардан диний таълим олиши натижасида уларнинг диний экстремистик ғояларининг қурбонига айланиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Сўнгги 3 йилда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган вояга етмаган шахслар сони 4 бараварга ошган.
Қолаверса, бундай ноқонуний таълим жараёнида болаларга нисбатан турли оғир жиноятлар содир этилмоқда. Боланинг эркин ҳаракатланишини чеклаш ҳамда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган бино ва хоналарда сақлаш, унга жисмоний азоб бериш ёки руҳий босим ўтказиш ҳолатларини, ҳатто жинсий зўравонлик қурбони бўлаётганини бунга яққол мисоллар сифатида келтириб ўтиш мумкин.
Мамлакатимизда диний таълим масаласи амалдаги қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ва ундан олдинги қонунларда диний профессионал таълимнинг ҳуқуқий асослари қатъий белгиланган. Хусусий тартибда диний таълим билан шуғулланиш қонунга хилоф ҳисобланади.
Муҳокама этилаётган қонун юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, ота-оналар ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг болаларни ўқитиш, таълим ва тарбия беришга доир мажбуриятларини бажариш борасидаги масъулиятини кучайтириш, шунингдек, болаларнинг билим олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгани алоҳида таъкидланди.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб қилишга йўл қўймаслик мақсадида ушбу қонунчилик талабига риоя этмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу қонун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ўз фарзандларига диний таълим-тарбия бериш ҳуқуқини чекламайди.
Мазкур норма Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддасида белгиланган қоидаларга тўла мувофиқ келади.
Қонунда мазкур жараёнларда ота-онанинг масъулияти ва жавобгарлиги янада кучайтирилмоқда. Чунки ёш бола ўзи ноқонуний ҳужрага бориб қолмайди ва айнан мана шу жиҳат қонунда тартибга солинган.
Сенаторлар маъқуллаган қонуннинг қабул қилиниши болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга хизмат қилади. Уларнинг комил инсон бўлиб етишишига, турли оғир жиноятлар ва диний экстремистик ғоялар қурбонига айланишининг олдини олишга замин яратади.
Н.Абдураимова,
Р.Назарматов (сурат),
ЎзА