Қирғиз Республикаси Чўлпон-Ота шаҳрида – Иссиқкўл соҳилида яна бир минтақавий анжуман – Марказий Осиё мамлакатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон делегациялари, БМТ агентликлари, халқаро ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этаётган форумда табиий офат хавфини камайтириш ва соҳада минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий ҳаракатларни мувофиқлаштириш, шунингдек “Сендай” дастурини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади.

Маълумки, Марказий Осиё зилзила, кўчки, сув тошқини кўринишидаги табиий офатларга нисбатан заиф минтақа бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, ахборот ва тажриба алмашишда мазкур тадбир муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда аҳоли ва ҳудудларни табиий, техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатни кучайтиришга қаратилган шерикликни янада кучайтириш зарур.

Тадбир якуни бўйича тегишли баённома имзоланади.

ЎзА