Ўзбекистон элчиси Абдусалом Ҳотамов Ўмоннинг глобал интеграциялашган логистика провайдери “Asyad Group” компанияси ижрочи директори Абдураҳмон Ал-Хатмий билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида ҳамкор томон вакили юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан жорий йил ўтган олти ойида қайд этилган ижобий иқтисодий кўрсатгичлар билан таништирилди.
“Форбс” журналининг “Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги энг яхши 10 та логистика компанияси” рўйхатида 4-ўринни банд этган “Asyad Group”нинг нафақат Ўмонда, балки бутун Кўрфаз давлатларидаги мавқеи, салоҳиятидан келиб чиқиб, республикамизга сармоя киритиш ҳамда мамлакатимиздаги логистика компаниялари билан ҳамкорлик қилиш таклифи илгари сурилди.
Корхона раҳбари диёримизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этиш баробарида ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдорлигини билдирди.
– Мақсадимиз – дунёнинг етакчи портлари, йирик терминал операторлари билан ишлаш – юк ташиш, кемаларга техник хизмат кўрсатиш, қуруқликдаги транспорт ва омбор амалиётини рағбатлантириш орқали портлар ва эркин зоналар яратиш, ишга тушириш, глобал миқёсдаги логистика хизмати етакчи провайдерига айланиш, – дейди Абдураҳмон Ал-Хатмий. – Ўмоннинг ўзига хос жойлашуви, яхлит инфратузилмаси, сиёсий ва иқтисодий барқарорлиги, ривожланаётган савдо тизими вақт, куч ва харажатни тежайдиган ҳамда бир марказ орқали киришни осонлаштирадиган хизматлар мажмуини тақдим этишни таъминлайди.
Учрашув якунида “Asyad Group” компанияси раҳбарининг Ўзбекистонга ишчи сафарини уюштиришга келишилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА