9-11 август кунлари Венгриянинг Бугач шаҳридаги “Катта ова” майдонида Венгр-Турон вақфи томонидан “Турк-Хун” халқлари маданий бойлигини дунёга танитишга қаратилган 50 дан ортиқ кўргазма намойиш этилади. Ушбу халқаро йиғинда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар делегациялари иштирок этади.

Маданий анжуман доирасида Ўзбекистоннинг машҳур “Лазги” рақси ижро этилади, шунингдек тадбирда юртимиздан қатор олимлар, хусусан археологлар ҳам иштирок этади.

Қурултой дастуридан Авар ва Венгрия зирҳли отлиқлари юриши, хун етакчиларининг кийими ва жанговар ҳаракати намойиши, от пойгаси, чавандозлик, камондан ўқ отиш мусобақаси, анъанавий санъат турлари бўйича кўргазмали чиқиш, ҳунармандлик ярмаркаси, хун ва авар маданий меросини акс эттирувчи асарлар намуналари сингари анъанавий тадбирлар ўрин олган.

20 метрдан кўп жойни эгаллаган, Аттила ҳукмронлиги даврини ифодаловчи дунёдаги энг улкан ўтов – “Аттила тормикаси” иштирокчиларга хунлар даврига оид бой тарихий ва маданий мерос билан яқиндан танишиш имконини беради.

Дастлаб 2007 йил Қозоғистонда ташкил этилган, 2008 йил илк бор Венгрияда ўтказилган анжуманнинг навбатдагиси 25 дан зиёд қардош халқ вакилларини бирлаштиради. Бугачда жами 50 дан ортиқ турфа тадбирдан иборат уч кунлик бой дастур тақдим қилинади. Турон ассоциацияси ўзига хос байрамга 100 дан ортиқ жамоани таклиф этган.

Ў.Алимов, ЎзА