Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида “Ўзбек кино кунлари» ўтказилмоқда.

Унинг доирасида Кинематография агентлиги буюртмаси асосида Музаффархон Эркинов томонидан суратга олинган “Абдулла Орипов” номли бадиий фильмнинг намойиши бўлиб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Кинематография соҳасини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Отабек Жўраев, Кинематография соҳасини ривожлантириш маркази директори Фурқат Усмонов, Кинематография соҳасини ривожлантириш маркази халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Сайёра Худойбердиева, киноактёр ва режиссёр Самидхон Лутфуллаевлар ҳамда  Қозоғистон миллий кинони қўллаб-қувватлаш давлат марказининг бошқарув раиси Жумагали Қурманбеклар ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.

Кинематография агентлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашув давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон киноижодкорлари томонидан ҳамкорликда тасвирга олиниши режалаштирилган «Aл Фаробий» бадиий фильми муҳокама этилди.

Қолаверса, Ўзбекистон делегацияси томонидан қозоғистонлик киноижодкорларни сентябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган “Ипак йўли дурдонаси” XVI Тошкент халқаро кинофестивалига таклиф этилиб, келажакда ҳар томонлама ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Н.Усмонова,  

ЎзА