Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
— Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни ягона ҳужжат билан тартибга солиш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик соҳасида ягона ёндашувни белгилаш назарда тутилмоқда, — деди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Ш.Назаров. — Тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда. Кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасининг жорий йил 16 июль куни бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Ўтган қисқа даврда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қўмитамиз томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Депутатлар томонидан берилган барча таклифлар қўмитамизнинг ишчи гуруҳ йиғилишларида чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарият қисми ҳужжат матнида ўз аксини топди.
Хусусан, депутатлар томонидан киритилган таклифлар асосида кодекс лойиҳаси фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш ва уларнинг мулкий ҳуқуқлари, шунингдек, ижтимоий корхоналарнинг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамловчи нормалар билан бойитилди. Бундан ташқари, кодекс лойиҳасида давлат томонидан тадбиркорликка аралашув қисқартирилди ва унинг аниқ чегаралари белгиланди.
Моддама-модда муҳокамалар давомида депутатлар бир қатор аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташлади. Айрим нормалар юзасидан тушунтиришлар сўралди, саволларга тегишли жавоблар олинди.
Депутатларнинг айтишича, кодекс лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти ҳуқуқлари учун кафолатланган эркин муҳит ва шароитлар яратилади. Асосийси, хусусий мулк ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади.
Мажлисда мазкур қонун лойиҳаси юзасидан сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, бир қатор тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди.
Фикр-мулоҳаза ва баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА