Мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилмоқда.

Владивостокда «Россияда Ўзбекистон туризм йили» доирасида ҳамда мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш ва сайёҳлик оқимини ошириш мақсадида «Road show» ташкил этилди.

Туризм қўмитаси ташаббуси ва Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди, дейилади қўмита маълумотида.

– Бу йил россиялик сайёҳлар сонини 1 миллион кишига етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун тегишли инфратузилма ва турли авиақатновлар яратилади. Ҳозирда Россия шаҳарлари ўртасида ҳафтада 300 га яқин рейс мавжуд. Приморье ўлкаси раҳбарияти билан бирга туризм компаниялари ва тадбиркорларга зарур ёрдам кўрсатамиз, ҳамкорликда ривожланишга, олға интилишга ёрдам берамиз, – деди Жамшид Абдусаломов.

Тадбирда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимотлари бўлиб ўтди. B2B ва B2G форматидаги учрашувлар Ўзбекистон ва Россия туризм соҳаси вакиллари учун тажриба алмашиш ва янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш учун ташкил этилди, натижада икки томонлама келишувларга эришилди.

«Road show»га таклиф қилинган иштирокчилар ўзбек гастрономик туризмининг тақдимоти ва миллий чолғу ансамбли иштирокидаги концерт дастурини томоша қилишди.

А.РУСТАМОВ,

ЎзА