Татаристон Республикаси Фанлар академиясида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Ўтемуратов раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда дастлаб Фанлар академияси Президенти Рифкат Миннихонов делегация аъзоларини Татаристон Республикаси Фанлар академиясининг асосий фаолияти билан таништирди. Шундан сўнг, Татаристон Республикаси Фанлар академияси институтлари директорлари ва бўлим мудирлари фаолият йўналишлари, амалга оширилаётган бир қатор истиқболли илмий лойиҳалар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидлаш жоизки, Татаристон Республикаси Фанлар академиясининг илмий марказлари бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг бир қатор илмий муассасалари ва олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда. Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймов ва Татаристон Республикаси Фанлар академияси Президенти Р.Миннихонов иштирокида меморандум имзоланди.
Татаристон Республикаси Фанлар академияси билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими ҳамда Қорақалпоқ давлат университети ўртасида тузилган Меморандумдан кўзланган асосий мақсад ҳамкорликда фан ва замонавий технологияларни ривожлантириш, шунингдек, таълим соҳаларида илмий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.