Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикасида ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология хизматини кўрсатишнинг ягона ташкилий-услубий вертикал бошқарув тизимини жорий этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, руҳий касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни янада такомиллаштириш, республика психиатрия муассасаларининг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда соҳада самарали бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар психиатрия ва наркология хизмати тиббиёт муассасалари Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиаллари сифатида;
Қашқадарё вилояти 1-сон руҳий асаб касалликлари диспансери унга Қашқадарё вилояти руҳий касалликлар шифохонасини қўшиб юбориш орқали Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Қашқадарё вилояти филиали сифатида қайта ташкил этилади.
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Қашқадарё вилояти филиали Қашқадарё вилояти 1-сон руҳий асаб касалликлари диспансери ва Қашқадарё вилояти руҳий касалликлар шифохонасининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари бўйича ҳудудий вориси ҳисобланади.
Мазкур қарор билан:
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази тизимидаги психиатрия ва наркология хизматларининг ташкилий тузилмаси;
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар филиалларини ташкил этиш рўйхати;
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг наркология хизмати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар филиалларини ташкил этиш рўйхати тасдиқланди.
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг асосий вазифалари:
аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларига руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматларини интеграция қилиш орқали руҳий ҳолат бузилишини эрта аниқлаш ва даволаш чораларини кўриш;
бирламчи бўғин тиббиёт муассасалари шифокорларининг руҳий ҳолати бузилган шахсларни клиник баҳолаш, даволаш ҳамда кузатиб бориш бўйича кўникмаларини ривожлантириш ва билимларини ошириш;
руҳий ҳолати бузилган шахсларни дори воситалари билан эҳтиёжга кўра тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш;
аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир ёшларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш;
тиббиёт ходимларининг касбий даражасини, шу жумладан мутахассисларнинг хорижий етакчи тиббиёт таълим муассасаларида ҳамда клиникаларида ўз ихтисослиги бўйича касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволашнинг замонавий усуллари бўйича стажировкаларини ташкил этиш орқали доимий равишда ошириб бориш ва такомиллаштириш;
ихтисослиги бўйича касалликларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича илғор усуллар ва технологияларни ишлаб чиқишга ҳамда тиббиёт амалиётига жорий этишга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб бориш;
хорижий етакчи тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш;
туман (шаҳар) тиббиёт ташкилотларига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш, уларнинг амалиётига тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини жорий этиш, сайёр маслаҳатлар (консультациялар) бериш, маҳорат дарсларини мунтазам равишда ўтказиб боришдан иборат бўлади.
ЎзА