Ўзсаноатқурилишбанк тизимида мижозларга хизмат кўрсатиш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида сунъий интеллект технологияларини жорий этишга киришилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари инқилобининг асоси бўлган сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 17 феврлдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу борада дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш учун ҳар томонлама шароитлар яратилди.

Фаол рақамли трансформация жараёнлари кечаётган Ўзсаноатқурилишбанк тизимида ҳам сунъий интеллектни ўзлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

Дастлабки босқичда ушбу технологияларни мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ички жараёнларни оптималлаштириш мақсадида қўллашга киришилди.

Лойиҳага кўра, янги дастурий воситалар бизнес жараёнларга, жумладан, мижозлар сўровларини кўриб чиқишни автоматлаштириш, банк маҳсулотлари бўйича аниқ тавсиялар бериш ва улар билан муносабатларни оптималлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу механизм мижозлар хоҳиш-эҳтиёжларини тезкор таҳлил қилиш ва уларга индивидуал хизмат кўрсатишни таъминлайди.

Умуман, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш банк бизнес жараёнларини яхшилаш йўлидаги яна бир муҳим қадам ва у давомлидир.

Банк Ахборот хизмати