ФОТОРЕПОРТАЖ

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бу йил Қорақалпоғистонда ўтказилади. Айни пайтда ушбу очиқ мулоқотга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қошида жорий йил июнь ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларини қабул қилиш билан шуғулланадиган махсус штаб ўз фаолиятини бошлади.

Штаб таркибида йигирмадан ортиқ идора-ташкилотлардан жам бўлган экспертлар гуруҳи тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш, ўрганиш ва ишбилармонларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ёки бартараф қилишга киришган.

Ҳозирги вақтга қадар тадбиркорлардан 200 га яқин мурожаат ва таклиф келиб тушган бўлса, унинг 40 дан ортиғи мазкур штабга ташриф буюриб, бевосита амалга оширилган. Олтмишдан ортиқ таклиф ва мурожаат Call-марказнинг телефон рақамлари орқали қабул қилинган.

Экспертлар таҳлилига кўра, мурожаатларнинг аксарияти имтиёзли кредит олиш, ер майдони ажратилиши, солиқ, экспорт ва импорт масаласига оиддир.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА