Ўмон Ўзбекистон фуқароларига мамлакатда 14 кун давомида визасиз бўлиб туриш тартибини амалга киритди. Бу ҳақда Ўмоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси маълум қилди. Ушбу давлатда янаям кўпроқ вақт қолишни истаган ўзбекистонликлар Ўмонга кириш чоғида, аэропортнинг ўзида муайян ҳужжатни расмийлаштиришлари мумкин.

Аниқлик киритилишича, янги қарор 14 июндан кучга кирган – шу куни Ташқи ишлар вазирлиги тегишли нотани олган.

Қайд этиш керак, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан Ўмон фуқаролари учун мамлакатимиз ҳудудига 10 кунлик визасиз тартиб жорий қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Ўмонга 26-27 июнь кунлари амалга оширилган ташрифи чоғида дипломатик паспорт эгалари, шунингдек шахсий ва хизмат паспорти учун визасиз режим тўғрисидаги битим имзоланган.