30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Шубҳасиз бугун ёшлар учун яратилаётган имкониятлар том маънода янги Ўзбекистон қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир. Ўтган йилларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан ишлаш борасида Беруний туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди.

Жорий йилнинг шу кунга қадар “Ёшлар дафтари” га 694 нафар ёш киритилиб, 219 нафар ёшга 451 миллион 470 минг сўмлик 15 турдан зиёд амалий ёрдам кўрсатилди. Деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш учун 627 нафар ёшга 402,5 гектар ер майдони 30 йил муддатга ажратилди. Шунингдек, 193 нафар ёш касб-ҳунарга ўқитилди.  Маҳалла ёшлари ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” ўтказилмоқда. 2024 йилда 38 минг 733 нафар ёшлар “5tashabbus.uz” электрон бот орқали рўйхатдан ўтди. Жумладан, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг шу кунгача бўлиб ўтган тадбирларида 25 минг 750 нафар ёш қамраб олинди.

Тадбир давомида спорт мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйини ғолиблари, шунингдек, спортнинг мини футбол бўйича “Ҳоким кубоги” ғолиблари тақдирланди.

***

Ёшларни спортга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманининг “Қуролпа” овул фуқаролар йиғинида 2-сектор раҳбари ташаббуси билан “Workout” спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Барпо этилган спорт майдончаси овул ёшлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

Ҳомийлар ҳисобидан қурилган мажмуанинг очилиш маросими овул аҳолиси учун катта байрамга айланди. Тадбир доирасида ташкил этилган турли мусобақалар, таниқли санъаткорларнинг чиқишлари, айниқса, ёшлар ва болаларга қувонч бағишлади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири.