Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида Қурбон ҳайити байрами кенг нишонланмоқда.
Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, қутлуғ айёмни юқори савияда ўтказиш юзасидан республикада кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Меҳр-оқибат, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик айёми халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда нишонланиб, байрам кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга аҳолининг зиёратларини ташкил этиши учун қулай шароитлар яратилди.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган Қурбон ҳайити табригини аҳоли катта хурсандчилик билан кутиб олди. Унда таъкидланганидек, халқимиз ҳаётида эзгулик, меҳр-мурувват, саховат ва олижаноблик рамзи сифатида мустаҳкам қарор топган Қурбон ҳайити бугунги кунда биз учун барча соҳаларда инсон қадри етакчи ўринга чиқаётган Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар мазмунига нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани билан янада аҳамиятли бўлиб бормоқда.
Айниқса, маҳалла ва хонадонларимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар ҳақида ғамхўрлик қилиш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмасликка қаратилган эзгу ишларимизда муқаддас динимиз, унинг инсонпарварлик моҳиятини ўзида яққол ифода этадиган ушбу файзли байрам биз учун ибрат мактаби, куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
–Дарҳақиқат, ушбу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда, – дейди нуроний Рустам Давлетмуратов. –Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оиласида ногирон бўлган эҳтиёжманд оилалар ҳамда ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак беришни халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўзларининг инсоний бурчи, деб қабул қилаётгани қувонарлидир.
Қурбон ҳайити байрами кунлари йўловчилар, ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича жойларда “Хавфсиз тун” тадбири ўтказилмоқда.
Байрамга бағишланган хайрия тадбирлари жойларда давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари