Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, қишлоқ хўжалигидаги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат экинлари етиштиришни кўпайтириш, аҳоли, шу жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасида Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган ойларида маҳаллаларда 14-30 ёш оралиғидаги 53 минг 940 нафар ёш хатловдан ўтказилиб, “Ёшлар баланси” шакллантирилди.  Хатлов якунлари билан 23 минг 216 нафар ёшнинг рўйхати шакллантирилди ва 6 та ҳуқуқ- тартибот органига бириктирилди. Жумладан, 12 та маҳалладаги 6 минг 210 нафар ёш Мудофаа бўлимига, 8 та маҳалладаги 3 минг 757 нафар ёш Фавқулодда вазиятлар бўлимига, 12 та маҳалладаги 5 минг 868 нафар ёш Ички ишлар бўлимига, 4 та маҳалладаги 1 минг 867 нафар ёш Адлия бўлимига ҳамда 4 та маҳалладаги 1 минг 781 нафар ёш Миллий гвардияга, шундан оғир тоифадаги 432 нафар ёш тумандаги 49 та раҳбарга бириктирилди.

Туманда 1 минг 668 нафар ишсиз ёшнинг рўйхати шакллантирилиб, “Бандлик” дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастур асосида 420 нафар ёш ўз мутахассислиги, қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб доимий ишга жойлаштирилди.60 нафар ёш касб-ҳунар ва замонавий касбларга ўқитилди. 15 нафар ёшга ҳунармандчилик, тикувчилик, дурадгорлик қилишда ўз уйида бирор маҳсулот ишлаб чиқариши ёки хизмат кўрсатиши учун субсидия асосида асбоб-ускуна олиб берилди.Қишлоқ хўжалигидаги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат экинлари етиштиришни кўпайтириш, аҳоли, шу жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадларини  ошириш  мақсадида 1 минг 104 нафар ёшга 400 гектар ер ажратилди. Бундан ташқари, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган 545 нафар  ёшга хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар учун кредит ажратилди. Шунингдек 114 нафар ёш жамоат ишларига жойлаштирилди.

Жорий йилда “Ёшлар дафтари”га киритилган 452 нафар ёшнинг шартнома пули, 25 нафар ёшнинг ҳайдовчилик гувоҳнома олиши, 40 нафар ёшнинг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат учун бадал пули, 2 нафар ёшнинг даволаниш билан боғлиқ харажати қоплаб берилди.101 нафар ёшга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.

Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими вакилларининг таъкидлашича, жорий йил якунига қадар “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири