Президент раислигида муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилади. 

Барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарида кафедралар очади ва дуал таълимни йўлга қўяди.

Бунда корхоналар кафедраларни жиҳозлаш, ўқитувчи ва талабаларни рағбатлантиришга ҳар йили маблағ беришга тайёр.

Талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинади.

Шунингдек, тармоқ вазирлик ва корхоналар тизимида 32 та тармоқ кенгашлари ташкил қилинади. Улар олийгоҳлар билан техника соҳаларидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилайди ва буюртмачи бўлади.

Биринчи босқичда 10 та олийгоҳда “Олий муҳандислик мактаблари” очилади. Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади.

Биринчи йилда талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади, бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади.

Иккинчи йилда янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади.

Корхоналар “Олий муҳандислик мактаби”да лаборатория очиш ва жиҳозлаш учун маблағ йўналтирса, бу харажатлар корхонанинг фойда солиғи базасидан чегириб ташланади.

Давлат ҳам бюджетдан шунча маблағ ажратади.

ЎзА