Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев «БРИКС» ўйинлари олдидан журналистларга интервью берди.
Қозон шаҳрида давом этаётган VI «БРИКС» ўйинларининг бокс мусобақалари кўпчилик интизорлик билан кутаётган баҳслар сирасига киради.
Эртага, 19 июнь куни ўйинлар дастурига мувофиқ бокс баҳслари бошланади.
Хўш, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари тўлиқ таркибда қатнашадиган ушбу ўйинларда номдор боксчиларимиздан айнан кимлар Қозон рингларида жанг ўтказади?
«Париж-2024» Олимпия ўйинларига ҳозирлик кўраётган спортчиларимиз учун «БРИКС» ўйинлари қай даражада аҳамиятли?
Юртимиз спорт ифтихори бўлган Баҳодир Жалолов ушбу ўйинларда рингга кўтариладими?
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев «БРИКС» ўйинлари олдидан журналистларга берган интервьюсида шу ҳақда тўхталиб ўтди.
— Ушбу комплекс мусобақа шакли жиҳатдан Олимпия ўйинларига ўхшаб кетади. «Париж-2024» олдидан боксчи учун қанча кўп мусобақа бўлса, шунча яхши. Айниқса, оғир вазн тоифаси боксчиларга ҳар доим жанглар кам бўлган. Айни ҳолатларни инобатга олган ҳолда «Париж-2024» Олимпиадасида қатнашадиган 2 нафар боксчимиз — Тўрабек Ҳабибуллаев (-80) ва Баҳодир Жалолов (+91)га кўпроқ жанг амалиёти зарурлигидан келиб чиқиб, мураббийлар кенгаши билан маслаҳатлашган ҳолда «БРИКС» ўйинларида қатнашишга рухсат берилди. Қолган вазн тоифаларида иккинчи ва учинчи рақамли боксчиларимиз Қозон баҳсларида ғолиблик учун кураш олиб боришади. Улар учун бу мусобақа катта тажриба мактаби вазифасини ўташи билан аҳамиятлидир”, — дея таъкидлаган Т. Қиличев.
Элатиб ўтамиз, «БРИКС» ўйинларининг бокс мусобақалари 19—22 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА