Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ӯзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши раиси У.Жалменов талаба-ёшлар билан учрашди.
“Сенатор ва ёшлар” учрашувида сенатор У.Жалменов бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг деярли 60 фоиздан ортиғини ташкил этувчи ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, айниқса, уларнинг сифатли ва замонавий таълим олиши, эзгу орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталди.
–Сизлар ўз зиммасида Янги Ўзбекистонни қуришдек улуғвор вазифани кўтариб юрган бахтиёр ёшларсиз. Сизларга билдирилган юксак ишончни оқлаш йўлида тинмай ҳаракат қилинг, ривожланишдан тўхтаманг. Илғор ғояларни илгари суриб, янгиланишлар сари қадам ташланг. Ана шунда ижобий натижаларга эришасиз, деди сенатор.
Мулоқот давомида талаба-ёшларга парламент ва сенаторларнинг иш фаолияти ҳақида маълумот берилди. Бугунги сиёсий жараёнлар, ёшларнинг жамиятимизда тутган ўрни, уларнинг чукур билим олиши билан бирга сиёсий саводхонлигини янада ошириб бориши кераклиги ҳақида сўз борди.
Сенатор талаба-ёшлар билан ҳаёт йўли ва тажрибалари билан ўртоқлашди. Савол-жавобларга бой тарзда ўтган учрашув талаба-ёшларда ижобий таассурот қолдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири