Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида жорий йил ғалла ўрим-йиғимига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда барча туман ҳокимлари, соҳа мутасаддилари иштирок этди.

Тадбир олдидан нуроний отахонлар деҳқонларимиз олдида турган машаққатли ва масъулиятли ишларда уларга куч-қувват, юртимизда мўлчилик, дастурхонимиз тўкис бўлишини тилаб дуолар қилди. Семинарда ўрим-йиғим мавсумида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тушунтирилди.

Қайд этиш жоизки, жорий йил деҳқон ва фермерларимиз учун “Ғалла йили” бўлди, десак адашмаган бўламиз. Чунки, кўп йиллик тажрибадан маълум: баҳор ойларида ёғингарчилик миқдори кўп бўлиши ҳамда ғалла ўсиб ривожланиши учун об-ҳавонинг қулай келиши ҳосилнинг мўл бўлишига ижобий таъсир қилади.

Жорий йил ҳосили учун 63 минг гектарга экилган ғалла майдонининг ҳар гектаридан 30 центнер ҳисобидан 189 минг тонна дон қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Йиғим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 202 та отряд ташкил этилиб, уларга 202 та комбайн, 606 та дон ташиш автомобили, 1 минг 376 та трактор ва тиркама, 105 та ёнилғи ташиш агрегати, 689 нафар масъул мутахассис бириктирилди. Етарли ёнилғи мой захираси яратилди.

Семинар якунида буғдой ўрим-йиғими даврида ёнғин хавфсизлигига амал қилиш, ҳосилнинг нобуд бўлишига йўл қуймаслик бўйича фермер хўжаликлари раҳбарлари, ғаллакор ва механизаторларга тушунчалар берилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А. Оринбаев иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири