Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури  ижросини таъминлашда “Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги давлат гранти учун 6 та йўналиш бўйича 2-танлови эълон қилинган эди. Унга келиб тушган лойиҳалар жамоат фонди комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилди ва ғолиблар аниқланди.

Комиссия аъзоларининг қарорига кўра, Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитасининг “Аудио китоб эшитайлик”,  Нукус шаҳридаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Маҳалламни обод қиламан”, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг “Бизнесга илк қадам”, Шуманай тумани  “Айбуйир” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Чевар қизнинг ҳунари”, Қорақалпоғистон Республикаси “Ёшлик” ҳудудий тадқиқот маркази жамоат бирлашмасининг “Жамиятнинг инновацион ривожланиш босқичида ёшларнинг мафкуравий хавфсизлигини таъминлаш”,  “Санъат ва маданият хабарчиси” журналининг “Дўстликни куйлаймиз” лойиҳалари ғолиб деб топилди.

–Аҳолининг, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилишда китобхонликнинг замонавий усулларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитаси  раиси Женисбай Аяпов.–“Аудио китоб эшитайлик” лойиҳамизни қўллаб-қувватлаб, ғолиб деб топгани учун миннатдорлик билдирамиз.

Тадбир якунида ғолибларга сертификатлар топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари