Дунё шахмат ишқибозлари эътибор-марказида бўлган «UzChess Cup 2024» турнирининг «Masters» гуруҳидаги мусобақаларнинг кеча ўтказилган 2-тури кутилган ва кутилмаган натижаларга бой тарзда ўтди. Мамлакатимиз шахматчиларидан Нодирбек Ёқуббоев ғалабага эришган бўлса, Абдусатторов ва Синдоров дуранг натижа қайд этди.

2-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов – Шаҳрияр Мамедьяров  0,5:0,5, Сарина – Магсудлу 0:1, Ёқуббоев – Видит 1:0, Синдоров – Раппорт 0,5:0,5, Гришук – Янг Йи 0,5:0,5 ҳисобларида ўйинлар якунланди.

Бугун, 8 июнь куни «Masters» гуруҳидаги 3-тур мусобақаларида Янг Йи – Сарина, Раппорт – Гришук, Видит – Синдоров, Абдусатторов –Ёқуббоев, Магсудлу – Мамедьяров куч синашади. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур тур «дуэль»ларида шов-шувлар кузатилиши мумкин. Бу борада айниқса, Абдусатторов – Ёқуббоев кураши ўзбек шахмат ишқибозлари қизиқишини ошираётган бўлса, Эрон ва Озарбайжон мамлакатлари вакиллари учун Магсудлу – Мамедьяров қарама-қаршилиги «ақллилар жанги»да кўп масалага ойдинлик киритиши билан ажралиб туради.

Аммо ушбу турнинг яна бир марказий «жанги» Видит – Синдоров ўртасида кечишини ҳам унутмаслик керак. Бу, икки вундеркинд ўртасидаги ўйин Тошкент мусобақаларининг эътиборли мусобақаси номини олиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Боиси, Жавоҳир Синдоров ҳам, ҳиндистонлик Видит Сантош ҳам ҳозирда жаҳон шахматида янгича форматдаги ўйин тактикасини қўллашга ҳаракат қилаётган ёш гроссмейстерлар саналади.

Ўтказилажак 3-тур остонасида шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Ёқуббоев 1,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Улардан кейинги ўриндан жой олган 6 нафар шахматчи 1 очкога эгалик қилиб турган бўлса, Александр Гришук ва Видит Сантош 0,5 очко билан сўнгги поғоналарда бормоқда.

Шахматчиларнинг очколар сарҳисобига эътибор қаратилса, мукофот жамғармаси 166 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг 3-тури етакчилик учун кураш айнан кимлар ўртасида кечишини англатиши билан аҳамиятлидир.

Мусобақанинг «Challengers» гуруҳида иштирок этаётган шахматчиларимиздан Шамсиддин Воҳидов 1,5 очко билан 3-тур ўйинлари олдидан 2-ўринни банд этган бўлса, Жаҳонгир Воҳидов 1 очко жамғарган ҳолда 3-ўринда бормоқда. Турнир жадвалини сербиялик Александр Инджич 2 очко билан бошқариб бормоқда.

«UzChess Cup 2024» турнирининг «Futures» гуруҳида ғолиблик учун курашаётган ёш шахматчиларимиздан Саидакбар Саидалиев, Муҳаммадзоҳид Суяров ва эронлик Бардия Данешвар 3-тур бошланиши олдидан 1,5 очкога эга бўлган тарзда пешқадамлик қилмоқда.

Мазкур гуруҳда иштирок этаётган ҳамюртларимиз Ҳумоюн Бекмуратов ва Муҳиддин Мадаминов ҳозирча 1 очко жамғаришга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 9 турдан иборат бўлган нуфузли мусобақа 15 июнга қадар давом этади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА