“SpaceX” компанияси маълум қилишича, “Starlink” глобал йўлдош алоқа тармоғи кенг кўламли муаммодан кейин фаолиятини тиклаган. Аввалроқ “Downdetector” сайтида бир неча мамлакат фуқаролари тизимга улана олмаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Таъкидланишича, фойдаланувчиларнинг аксарияти интернет ва сайт фаолиятида муаммо кузатилаётганидан шикоят қилган. “Starlink”нинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳам узилиш бўлаётгани тасдиқланган.
“Starlink” дунёнинг исталган нуқтасида Интернетга кенг йўлкали уланишни таъминлаш учун мўлжалланган сунъий йўлдош тармоғидир. Ҳозир коинотда тизимнинг 5841 қурилмаси ҳаракатланяпти. Умуман, 2019 йилдан буён орбитага жами 6 мингдан зиёд йўлдош учирилган, жорий йил эса 700 та мослама коинотга олиб чиқилган.