Олмаотада 13-Марказий Осиё савдо форуми бўлиб ўтди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Савдо интеграцияси: глобал даражага чиқиш” мавзусида 13-Марказий Осиё савдо форуми (CATF) бўлиб ўтди. Тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан қўшни давлат Савдо ва интеграция вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти GIZ) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжумандан кўзланган мақсад савдо тартиб-қоидасини рақамлаштириш, транспорт-логистика жараёнини оптималлаштириш, божхона расмийлаштирувини стандартлаштириш ва савдони ЖСТ стандартига мувофиқлаштириш орқали тартибга солиш орқали Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва алоқани мустаҳкамлашдан иборат.
Тадбирда Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Буюк Британия ва АҚШдан 300 дан зиёд бизнес ва давлат идоралари вакиллари қатаншди.
Форум доирасида минтақамиз давлатларининг 40 дан ортиқ компанияси иштирокида савдо кўргазмаси ва бизнес тузилмалари раҳбарлари ва расмий вакилларини тўплаган Савдога кўмаклашиш миллий қўмиталари 11-минтақавий йиғилиши ҳам ўтказилди.
USAID вакили Зайна Сaлоҳий сўнгги 10 йил ичида CATF тадбирлари 25 мамлакатдан 10 мингдан кўп давлат ва тижорат тузилмалари вакилларини жалб қилганига урғу берди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу форум Марказий Осиёда савдо келажагини шакллантириш, бутун жамият учун фойдали инклюзив, интеграциялашган иқтисодий ўсишни таъминлашга ёрдам беради.
Сўзга чиққан экспертлар Ўзбекистон Президенти этиб сайланган илк кунлариданоқ Марказий Осиё минтақасини бирлаштириш йўлида фаол иш олиб бораётган давлатимиз раҳбарининг ролини юқори баҳоладилар.
Таҳлилчилар давлатлараро муносабатнинг янги парадигмасини белгилаб берган, минтақа жипслигини мустаҳкамлаш учун замин яратган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари ушбу жараёнда беқиёс ўрин тутганини ҳам алоҳида таъкидладилар.
Ўз навбатида, Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори “Янги бозорларга кириш” мавзусидаги илк сессияда форум иштирокчиларига юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад, Маслаҳат учрашувлари доирасида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар хусусида батафсил маълумот берди. Бундай сайъ-ҳаракатлар биринчи навбатда минтақа мамлакатлари ўртасида савдо ва сармоявий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга қаратилгани қайд этилди.
Марказий Осиёнинг барча давлатлари саъй-ҳаракати натижасида сўнгги 6-7 йилда минтақа мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти 70 фоиз ўсиб, 450 миллиард доллардан ошди. Минтақалараро товар айирбошлаш миқдори сўнгги 10 йил ичида 2,5 баробар кўпайиб, 11 миллиард долларга, умумий ташқи савдо қиймати 225 миллиард долларга етди. Бу 7 йил аввалги кўрсатгичдан қарийб икки баробар кўп.
Ўсишнинг ижобий суръатига қарамай, МОХИ раҳбари минтақа мамлакатлари ўртасида транспорт занжири мукаммал эмаслигига эътибор қаратди. Жаҳон банки маълумотига кўра, ташқи бозорга юк чиқариш харажати товарнинг якуний қиймати 50 фоизига етиши минтақа иқтисодиёти ривожланишига тўсқинлик қилувчи омил эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, айнан транспорт тизимидаги тўсиқлар минтақага глобал қиймат занжири билан фаол бирлашиш имконини бермайди.
Мутахассислар минтақа мамлакатлари ўртасида савдо айланмасини янада жадаллаштириш учун минтақани бирлаштирувчи “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темир йўли, шунингдек Марказий Осиё минтақасини Европа билан боғлайдиган “Ўрта йўлак” каби муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатни бирлаштириш муҳимлигини қайд этдилар.
Ушбу ташаббуслар амалиётга татбиқ этилиши Марказий Осиёни Евросиёдаги асосий транзит хабига айлантиради. Хусусан, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан бошланган Трансафғон темир йўли қурилиши юкни Покистонга етказиш муддатини тахминан 5 кун қисқартириши, транспорт харажатини камида 40 фоиз камайтириши мумкин.
Умуман, мазкур тадбир савдо форуми долзарблигини, барча иштирокчилар Марказий Осиё мамлакатлари савдо-инвестиция ҳамкорлигини янада ривожлантириш йўлида билим, тажриба ва ғоя алмашишни давом эттиришдан манфаатдорлигини яна бир бор тасдиқлади.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА