Ижтимоий тармоқда Бишкекда давлат мансабдорлари ишга жамоат транспортида кетаётгани акс этган суратлар тарқаляпти. Яқинда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри мэри Айбек Жунушалиевнинг шаҳар ҳокимияти ходимлари ва муниципал хизматчилар ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари шахсий автомобилдан фойдаланишини тақиқлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинган эди.

***

АҚШ хорижий агентлар тўғрисидаги қонун туфайли Грузияга нисбатан виза чеклови бўйича янги сиёсат жорий қилади, деди давлат котиби Энтони Блинкен.

Давлат департаменти баёнотида чеклов, жумладан, фуқаролик жамиятига қарши чора қўллашга масъул шахсларга тегишли экани таъкидланган.

Ўтган ҳафта Грузия парламенти кўпчилик овоз билан хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат билан боғлиқ воқеалар норозилик акциясига сабаб бўлди.

***

Вьетнам Хитой томонидан Жанубий Хитой денгизидаги Хоангша (Парасель) ороллари ҳудудига ҳарбий шифохона кемаси жўнатилишига норозилик билдирди. Вьетнам Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот ва нашрлар департаменти директори ўринбосари Доан Кхак Вьет Ханойда уюштирилган брифингда шу ҳақда маълум қилди.

– Вьетнам Хоангша ороллари устидан суверенитети бузилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фаолиятга кескин норозилик билдиради, – деган мулозим.

***

Президент Иброҳим Раисий вертолёти тепаликка урилиб ҳалокатга учраган, дея хабар тарқатди “Тасним” агентлиги Эрон Ислом Республикаси Қуролли кучлари Бош штаби матбуот хизмати баёнотига таяниб.

– Учоқ таркибий қисмларида ўқ изи ёки шунга ўхшаш зиён етган белгилар топилмади, – дейилган баёнотда.

Аниқлик киритилишича, қулаган вертолёт учувчиси кортеждаги бошқа икки учоқ бошқарувчилари билан алоқада бўлган.

Эрон Президенти билан видолашув маросимида 3 миллионга яқин киши иштирок этди.

Раисий ўтган пайшанба куни ўзи туғилиб ўсган Машҳадда дафн қилинди. Мазкур шаҳар мамлакат шимоли-ғарбида Хуросон-Ризовий музофотида жойлашган.

***

Мексикада сайлов олди кампанияси доирасида уюштирилган митингда саҳна қулаб тушди. Натижада тўққиз киши, жумладан бир бола ҳалок бўлиб, ўнлаб одам жароҳат олган.

Оммавий ахборот воситалари хабарида мамлакат шимолидаги Нуэво-Леон штатида “Фуқаролар ҳаракати” партияси сайлов олди йиғини пайти кучли шамол улкан саҳнани ағдариб юборган.

“Тахминан 50 киши жабрланди”, деб ёзган штат губернатори Сэмюэль Гарсия ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Мексикада президент сайлови 2 июнга белгиланган.

***

Польша Бош вазири Дональд Туск 2025 йил ўтадиган президент сайловида иштирок этишни хоҳламаяпти.

“Президент сайловига номзодимни қўймайман”, – деди Туск “TVP Info” телеканалида чиқиш қилиб.

У Варшава мэри Рафал Тшасковскийни қўллаб-қувватлашини билдирган. Умуман, Польшада етакчи сиёсатчиларнинг ҳеч бири ҳали президент сайловида иштирок этишини эълон қилгани йўқ.

***

Мамлакатни модернизациялаш Хитой Коммунистик партиясининг ҳар томонлама раҳбарлиги остида амалга оширилиши керак. Бу фикрни ХХР Раиси, Халқ партияси Марказий қўмитаси Бош котиби Си Цзиньпин Шаньдун провинцияси маъмурий маркази Цзинанда ишбилармон доира вакиллари ва профессорлар билан кечган учрашувда айтди.

Унинг таъкидлашича, Хитой мамлакатнинг модернизациялашувига тўсқинлик қилаётган мафкуравий ва институционал тўсиқларни бартараф қилиш учун кескин қадамлар ташлаши керак.

***

АҚШ “Marinette Marine” компанияси билан 2030 йилгача иккита ракета ташийдиган фрегат яратиш бўйича шартнома имзолади, деб баёнот берди Пентагон.

– Висконсиндаги “Marinette Marine” корпорацияси қиймати 1,044 миллиард долларлик иккита ракетали фрегатни лойиҳалаш ва қуриш учун буюртма олди, – дейилган ташкилот тарқатган хабарда.

Аниқлик киритилишича, бу ерда гап “Констеллейшн” синфидаги бошқариладиган ракета қуроли билан жиҳозланган кўп мақсадли кема ҳақида кетмоқда.

С.Раҳимов, ЎзА