Қардош Озарбайжон мустақиллиги куни Ўзбекистонда ҳам нишонланди. Ушбу давлатнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Ҳайдар Алиев номли Маданият маркази сана муносабати билан расмий қабул уюштирди.
– 1991 йил ўз мустақиллигини янгидан барпо қилган Озарбайжон халқи умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев олиб борган муваффақиятли сиёсат натижасида демократик ва ҳуқуқий давлат қуриш йўлида юксак натижаларга эришди, нефть стратегияси амалга оширила бошланди, суверен давлат юқори суръатда ривожланишига замин яратилди, – деди Элчи Ҳусейн Гулиев.
Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатидан сўз очган дипломат ҳамкорлигимиз жадал мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Озарбайжон 1991 йил замонавий давлатчиликни тиклаган бўлса-да, чинакам мустақилликка 1993 йил – халқ улуғ йўлбошчи Ҳайдар Алиевни ҳокимиятга таклиф қилган пайтдан эришди. Озарбайжон давлати ўзини Демократик Республиканинг сиёсий ва маънавий вориси сифатида эълон қилди. Улуғ йўлбошчи қутқарув миссиясини зиммасига олиб, республикани оғир синовлардан муваффақиятли олиб ўтди, давлат мустақиллигини сақлаб қолди ва мустаҳкамлади.
Замонавий Озарбайжон 106 йил аввал Демократик Республика асосчилари орзу қилган давлатга айланмоқда. Президент Илҳом Алиев раҳнамолигида мамлакат ҳар томонлама ва жадал ривожланмоқда. Бугун озарбайжон халқи Мустақиллик байрамини ўзгача кайфият, қувонч ва ифтихор туйғуси билан нишонламоқда.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади.
ЎзА