Мўйноқ туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Rally Muynak – 2024” авторалли бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Уч кун давом этган чемпионатда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғиз Республикаларидан 150 нафарга яқин спортчи иштирок этди.

Мусобақа якунида двигатель ҳажми 1600 см3гача “А-8” синфи бўйича биринчи ўринни Самарқанд вилоятидан Фикрат Ахтамов, Фируз Жумаев, иккинчи ўринни Сирдарё вилоятидан Нурбек Имомқулов, Асқар Ҳасанов, учинчи ўринни Тошкент шаҳридан Ким Евгений, Жамол Мирҳосилов эгаллаган бўлса, двигатель ҳажми 2000 см3гача “А-9” синфи бўйича Тошкент шаҳридан Отамурод Собиров Фаррух Ўринов биринчи, Бухоро вилоятидан Рашид Муродов ва Қилич Нарзиқулов иккинчи, Самарқанд вилоятидан Шуҳрат Обиджонов, Сергей Скворцов учинчи ўринларни қўлга киритди. “Багги” бўйича Тошкент шаҳридан Равшан Қобилов, Андижон вилоятидан Илҳом Аҳмедов, Жиззах вилоятидан Шаҳбоз Нарзиқулов совринли ўринларни эгаллади.

Двигатель ҳажми 125 см3гача бўлган мотоцикл бўйича биринчи ўринни Навоий вилоятидан Богдан Цатурян, иккинчи ўринни Бухоро вилоятидан Бахтиёр Аҳмедов, учинчи ўринни Бухоро вилоятидан Элбек Азамқулов қўлга киритган бўлса, двигатель ҳажми 500 см3гача мотоцикл бўйича Бухоро вилоятидан Жасурбек Саматов биринчи, ушбу вилоятдан Бекзод Ҳалимбоев иккинчи, Достон Аъзамқулов учинчи ўринни қўлга киритди.

“Rally Muynak – 2024” автомобиль спорти мусобақалари ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини –100, 50, 15, 10, 5 миллион сўмдан пул мукофотлари, шунингдек, ғолиблар, мураббийлар ва ҳакамларга Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг эсдалик совғалари ҳам топширилди.

–Автомотоспорт билан 2006 йилдан мунтазам шуғулланиб келаман, –дейди мусобақа ғолиби Богдан Цатурян. – Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтказилиб келинаётган “Rally Muynak” мусобақасига қизиқиш ортиб бормоқда. Жорий йилги мусобақага мамлакатимиздан ташқари қўшни давлатлардан ҳам спортчиларнинг иштирок этганлиги бунинг яққол исботидир.

Мусобақа иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари