Ахборот хизматлари – 2024: миллий ва хорижий тажриба

Пойтахтимиздаги «Tashkent International» меҳмонхонасида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар вазирлик ва идоралари матбуот котибларининг «Ахборот хизматлари – 2024: миллий ва хорижий тажриба» мавзуcида қўшма ўқув-семинари ўз ишини бошлади.
Тадбирда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистондаги давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган 120 нафардан ортиқ матбуот котиби иштирок этмоқда.
Ўқув-семинар Ҳукуматнинг тегишли фармойишига биноан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Ахборот хизматлари фаолиятида эришилган самарадорлик, ижобий натижаларни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар вазирлик ва идоралари матбуот котибларига тақдимот қилиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқот майдонини яратиш мақсадида ўтказилмоқда.

Ўқув-семинарида АОКА директори Асаджон Ходжаев иштирокчиларни қутлар экан, туркий мамлакатлар билан ҳар томонлама, шу жумладан, ахборот соҳасида алоқаларни ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳатларидан бири эканлигини таъкидлади.
– Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш, халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатида ролини ошириш, Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқиш, анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилган, – деди АОКА директори Асаджон Ходжаев.– Хусусан, туркий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Туркий давлат ташкилоти билан ҳамкорликнинг фаоллашуви юртимиз учун қўшни давлатлар билан ҳам, минтақадан ташқаридаги янги ҳамкорлар билан ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Тадбирда, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти эксперти Алмагул Серикбаева, Озарбайжон Аудиовизуал кенгаши раиси Исмат Саттаров, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги Ахборот қўмитаси Жамоатчилик билан алоқаларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Акшолпан Марат, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар сўзга чиқиб, қўшма семинарнинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Эътироф этилганидек, оммавий ахборот воситалари ва медиа-маконда ахборот етказиш ва тарқатиш жараёнлари, таҳлилий мурожаат, танқид, чақирув ҳамда мунозарали вазиятларга тезкорлик билан муносабат билдиришда давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари ғоятда муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш, шунингдек, уларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ва ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилаш борасида кескин ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.
Ўтган даврда АОКА томонидан вазирлик ва идоралар матбуот котиблари учун юртимизнинг етакчи тренерлари, «Википедия», «Мета» ва бошқа нуфузли халқаро компания вакиллари ва экспертлари иштирокида долзарб мавзуларда кўплаб семинар-тренинглар, ўқув машғулотлари ташкил этилди.
2022 йилдан буён Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли Фармони билан жорий қилинган «Очиқлик индекси»да матбуот котибларининг фаолияти ҳам ўз аксини топмоқда. Айтиш керакки, 2023 йил якунлари бўйича Агентлик томонидан баҳоланган жами 131 та ташкилот ва идоранинг 29 нафар матбуот котиби (22,1%)нинг иш натижалари юқори, 59 нафари (45%)ники ўрта даражада баҳоланган бўлса, 39 нафари (29,8%)ники қониқарли, 4 нафари (3,1%)нинг фаолияти паст даражада, деб топилди.

Мамлакатимизда давлат органлари ва идоралари, ташкилот, муассасаларнинг халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, очиқ ва шаффоф маълумотлар мунтазам тақдим этилишини йўлга қўйиш мақсадида АОКА ташаббуси ва ҳамкорлигида медиа-режа асосида кунлик матбуот анжумани, брифинглар ўтказилиши, инқирозли вазиятлар юзасидан тезкор тадбирлар ташкил этилиши Ахборот хизматлари ишини тубдан яхшилашга, такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
2023 йилда фақатгина АОКА ва Миллий матбуот марказида 276 та матбуот анжумани, 305 та брифинг ташкил этилди.
Алоҳида қайд этиш керакки, Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати чуқур ўйланганлиги, прагматик ва аниқ ечимларга асосланганлиги, демократик руҳда фуқароларнинг эҳтиёж ва манфаатларига жавоб бериши билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.
Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замонда тили, дини ва қалби бир-бирига чамбарчас боғланган туркий халқларнинг ўзаро жипс ва ҳамкорлиги, турли масалалар юзасидан биргаликда иш кўриши муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнларда Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда.
Туркий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Туркий давлат ташкилоти билан ҳамкорликнинг фаоллашуви юртимиз учун қўшни давлатлар билан ҳам, минтақадан ташқаридаги янги ҳамкорлар билан ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Туркий давлатлар ташкилоти аъзо мамлакатлар билан нафақат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга, балки ахборот соҳасида биргаликда ривожланиш, давлат органлари ва ташкилотлари очиқлигини таъминлаш, турли фейк ва дезинформацияларга биргаликда курашиш масалаларида ҳам доимий иш олиб борилмоқда. Жумладан, ўзбекистонлик журналистлар Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистонда бўлиб, «Ўзбекистон — умумий уйимиз», «Кўнгил ободлиги», «Турист билан бир кун»; «Бағрикенг диëр», «Маданий ҳаёт» каби телерадио дастурлар орқали Туркий Кенгашга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ишлари юзасидан маълумотлар бериб борилмоқда.
Ўзаро ҳамкорлик натижасида «Ўзбекистон кабель телевидениеси»да «AZTV» (Озарбайжон), «QAZAQSTAN» ва «ХAБAР 24» (Қозоғистон), «TRT AVAZ», «TRT HABER», «TRT MÜSİK» (Туркия) телеканаллари эфирга узатилмоқда. «Туркманистон» (Туркманистон) ва «Общественный первый канал» (Қирғизистон) телеканалларини Ўзбекистонда тарқатиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Туркий давлатлар ташкилоти томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида имзоланган келишувларга кўра, «Туркий дунёнинг 100 одами» ва «Туркий дунёнинг муқаддас маконлари» сингари даврий тарихий лойиҳалар ҳамкорликда тайёрланди. Хусусан, «Туркий адабиёт хазинасидан», «Қўқон хонлигининг Туркий халқлар давлатчилиги ривожи ва маданий меросда тутган ўрни», «Туркий адабиёт дурдоналари», Ўзбекистон — Туркия: илмий-таҳлилий марказлар ҳамкорлиги» каби мавзулар кенг ёритилди.
Ўқув-семинарида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Ахборот хизматлари фаолияти тақдимоти ўтказилди.
Тадбирлар дастурига кўра, «Медиа маконда миллий манфаатлар ҳимоясини ташкил қилишда ахборот хизматининг вазифалари ҳамда инқирозли вазиятларда жамоатчилик алоқаларини йўлга қўйиш», «Замонавий медиа маконда ахборот узатишда сунъий интеллект ва ижтимоий тармоқлар платформаларидаги янги имкониятлар» каби мавзуларда медиа-тренинглар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Н.Усмонова, ЎзА