Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳасининг техник кўмагида “GOPA AFC” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро ташкилоти экспертлари иштирокида пестицидлардан барқарор фойдаланиш бўйича семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вакиллари, шаҳар ва туман бўлимлари давлат фитосанитар инспекторлари ҳамда шу соҳада илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимлар иштирок этди.
Тадбирда пестицидлардан фойдаланишнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга таъсирини камайтириш ва зараркунандаларга қарши интеграциялашган бошқарув ҳамда кимёвий бўлмаган муқобил усуллардан фойдаланишни рағбатлантириш орқали пестицидлардан самарали фойдаланишга асос яратиш зарурлиги таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги инспекторларидан шу соҳа бўйича ўз билим ва малакаларини оширишни ҳохловчилар “GOPA AFC” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро ташкилоти ҳомийлигида Хорватияда малака ошириш имконияти борлиги айтилди.
– Европа иттифоқи давлатларининг Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда, – дейди “GOPA AFC” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро ташкилоти эксперти Тина Фазиниж хоним. – Бундай тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад етиштирилаётган маҳсулотларга имкони бўлганича пестицидларни қўлланмаслик, қўлланган тақдирда ҳам зарарини камайтирищдан иборат. Тадбирда халқаро мутахассислар томонидан билдирилган таклифлар ҳисобга олинса, келажакда соҳада ижобий натижаларга эришиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг кўлами янада ортишига замин яратади.
Семинарда Европа иттифоқида пестицидлардан барқарор фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари, улардан профессионал ва ҳаваскор даражада фойдаланиш, ушбу йўналишда мутахассисларни мажбурий ўқитиш, миллий ҳаракат режалари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, зараркунандаларга қарши интеграциялашган бошқарув ҳамда органик ишлаб чиқариш мавзуларида тақдимотлар қилинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари