Европа Иттифоқининг бир қатор мамлакатлари иноагентлар тўғрисида қонун лойиҳаси сабабли Грузияга нисбатан чеклов чораларини кўриш зарурлигини айтмоқда.

Таклиф қилинаётган чоралар қаторига Грузия фуқаролари учун ЕИга визасиз кириш тартибини бекор қилиш, мақсадли санксиялар ва Евроиттифоқ фондларини музлатиб қўйиш киритилган.

“Европа мамлакатлари Грузия ҳукуматига босим ўтказишнинг турли чораларини кўриб чиқмоқда”, дейилади хабарда.

***

Вьетнам Социалистик Республикаси Миллий мажлиси (бир палатали парламент) мамлакат Коммунистик партияси марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси, жамоатчилик хавфсизлиги вазири, армия генерали То Ламни Вьетнамнинг янги президенти этиб сайлади.

То Лам 1957 йил 10 июлда Хингйен музофотида туғилган. Кўп йиллар давлат хавфсизлиги тузилмасида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган.

***

Испания, Ирландия ва Норвегия бугун 22 май куни Фаластинни тан олишини эълон қилади, деб хабар тарқатди “Politico” газетаси.

Ҳозирда Фаластин давлатини ЕИ аъзоси ҳисобланган тўққизта мамлакат – БольгарияКипрЧехияВенгрия, Мальта, ПольшаРуминияСловакия ва  Швеция  тан олган.

***

– Атом энергияси бўйича халқаро агентлик  (МАГАТЭ)  Запороже АЭС атрофида бўлаётган воқеалар ривожини кунма-кун кузатиб бормоқда, – деб баёнот берди МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси “РИА Новости”га берган интервьюсида.

Запороже АЭС Днепр дарёсининг сўл қирғоғида Энергодар шаҳри яқинида жойлашган. У блоклар сони ва қуввати бўйича Европада энг йирик АЭС ҳисобланади. Станцияда ҳар бирининг қуввати 1 гигаваттга тенг олтита энергоблок бор.

***

АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича собиқ ўринбосари Виктория Нуланд Вашингтонни Россия ҳудудига узоқ масофали ракеталардан ҳужум қилиш учун Украина қуролли кучларига  рухсат беришга чақирди, деб ёзди “The Hill” нашри.

Журналистларнинг таъкидлашича, Нуланд АҚШ ва Киевнинг бошқа иттифоқчилари Россия ҳудуди бўйлаб зарба бериш учун Украинага янада кўпроқ ёрдам бериши керак, деб ҳисоблайди.

***

Германия АҚШнинг музлатилган Россия активларидан келадиган даромадни Украинага ёрдамни кучайтириш учун фойдаланиш бўйича режасини қўллаб-қувватлайди, деб ёзди “Блумберг” ахборот агентлиги тегишли манбаларга таяниб.

***

ЕИ Украина ва Молдованинг иттифоққа аъзо бўлиши бўйича музокараларни расман 25 июнда бошлаш ниятида, деб хабар тарқатди “Politico” нашри ЕИ дипломатлари берган маълумотларга таяниб.

ЕИ саммити 14 декабрда Украина ва Молдовани келгусида Евроиттифоққа қабул қилиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилган эди. 2022  йил июнда ЕИ Украина ва Молдовага аъзоликка номзод мамлакатлар мақомини берди.

***

Пекин Жанубий Кореянинг бир гуруҳ депутатлари Тайвань маъмурияти янги раҳбарининг инаугурациясида иштирок этиш учун  оролга сафар қилиши муносабати билан Сеулга кескин норозилик билдирди, дейилади Хитойнинг Жанубий Кореядаги элчиси эълон қилган баёнотда.

Ўтган душанба куни Лай Циндэ Тайвань маъмуриятининг янги раҳбари лавозимига расман киришди. Хабарда таъкидланишича, Лай Циндэ оролнинг мустақилликка эришишга қаратилган сиёсатни давом эттиради.

Ўз навбатида, Пекин Тайванни Хитой ҳудудининг ажралмас қисми, деб ҳисоблайди ва Тайвань масаласи Хитойнинг ички иши эканини таъкидлаб келади.

***

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Украина махсус хизмати қўлбола атом бомбасини яратиш устида иш олиб бораётгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас, деб баёнот берди МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси “РИА Новости”га берган интервьюсида.

Аввалроқ Украина парламентининг собиқ депутати Андрей Деркач  айни пайтда Украина махсус хизмати қўлбола атом бомба яратиш бўйича иш олиб бораётгани ҳақидаги маълумот текширилмоқда, деб баёнот берганди.

С.Раҳимов, ЎзА