Тошкентда таэквондо WT бўйича халқаро турнир бошланди

Пойтахтимизда жойлашган «Универсал» спорт саройида таэквондо WT бўйича XV «Dr.Baek Mun Jong cup international open» чемпионати бошланди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу мусобақада ҳамюртларимиздан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 800 нафар таэквондочилар кёруги ва пумсе йўналишлари бўйича турли ёш тоифаларида бош соврин учун рақобатлашмоқда.
– Ушбу мусобақа таэквондочиларимизга ўз тажрибасини ошириш имконини беради, – дейди ИИВ «ЖАР» спорт-соғломлаштириш комплекси таэквондо WT мураббийси Обиджон Абдураҳмонов. – Мусобақада Асадбек Самандаров, Абдулқодир Абдуллаев, Камронбек Абдуқодиров, Афруза Сатторова, Жанона Баҳриддинова, Эъзозахон Раҳмонова, Ҳабиба Олимжонова каби шогирдларимдан умидим катта. Мазкур мусобақага шогирдларим билан жиддий тайёрландик. Умид қиламанки, шогирдларим мусобақада совринли ўринларни қўлга киритади ва терма жамоамиз муваффақиятига ўз ҳиссаларини қўшади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа 24 май кунига қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА