Хитой ташқи ишлар вазири Ван И 18-20 май кунлари Қозоғистон ва Тожикистонга ташриф буюриб, Президент Қосим-Жомарт Тоқаев ва Имомали Раҳмон, ҳамда икки мамлакат ТИВ раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда минтақавий ва халқаро миқёсда долзарб бўлган масалалар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан ШҲТ, БМТ, шунингдек “Марказий Осиё + Хитой” формати доирасида алоқаларни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Шу кунларда Ван И Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг вазирлар учрашувида иштирок этмоқда.
***
АҚШ қўшинлари Нигердан шу йилнинг 15 сентябрида олиб чиқиб кетилади. Бу ҳақда америкалик ҳарбийларнинг мамлакат пойтахти Ниамейга сафаридан кейин қабул қилинган қўшма баёнотда маълум қилинди.
***
Туркияда Эрон Президенти Раисийнинг фожиада ҳалок бўлгани муносабати билан бир кунлик мотам эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған Вазирлар Маҳкамаси мажлисидан кейин маълум қилди.
Айни пайт Эроннинг ўзида 5 кунлик умуммиллий мотам эълон қилинган. Бундан ташқари, Ливан, Покистон, Ироқ, Сурия ва Тожикистонда ҳам мотам эълон қилинган.
***
Оқ уй АҚШнинг Эронга эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича қўллаётган санкцияси туфайли Президент Раисий ўтирган вертолёт ҳалокатга учради, қабилидаги айбловларни рад этишини маълум қилди. АҚШ Давлат департаменти 45 йиллик вертолётдан ноқулай об-ҳаво шароитида фойдалангани учун Эрон ҳукуматини айблади.
***
Молдовада президентлик сайлови жорий йилнинг 20 октябрь санасида ўтказилади, деб хабар тарқатди “РИА Новости”.
Ўтган йил 24 декабрда амалдаги Президент Майя Санду иккинчи муддатга номзодини қўйиш режаси борлигини маълум қилган эди. Бундан ташқари, у парламентга фуқаролар республиканинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича ўз фикрларини билдириш учун референдум ўтказиш ташаббусини ҳам илгари сурганди. Сандунинг таклифига биноан, президентлик сайлови ва референдум бир кунда бўлиб ўтиши керак.
***
Франция Гаагадаги Халқаро жиноий суд Бош прокурори Карим Ханнинг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняху, мудофаа вазири Йоава Галант ва ХАМАС ҳаракатининг уч нафар етакчисини қамоққа олиш учун ордер берилишига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатини қўллаб қувватлайди.
– Франция Халқаро жиноий суд мастақиллигини, унинг ҳар қандай ҳолатда ҳам жазосизликка қарши курашини қўллаб-қувватлайди, – дейилади Франция ТИВ сайтида эълон қилинган баёнотда.
***
Ўтган шанба куни Афғонистоннинг Фарёб ва Гор вилоятларида кучли ёмғир ва тўсатдан юзага келган сув тошқини туфайли 120 киши ҳалок бўлган, деб ёзди «Синьхуа» ахборот агентлиги.
Табиий офат қурбонлари сони ортиши мумкин, чунки бедарак йўқолганлар ҳам бор, дейилади хабарда.
***
Венесуэла музликлардан айрилган дунёдаги биринчи давлат бўлди, дейилади хорижий оммавий ахборот агентликлари тарқатган хабарда. Сўнгги юз йилда мамлакат 6 та музликдан ажралди. Энг сўнггиси Гумбольд музлиги бўлди.
“Accu Weather” порталининг ёзишича, тадқиқотчилар бунинг сабабини иқлим ўзгариши билан боғлиқ, деб ҳисоблашмоқда.
2020 йил маълумотига кўра, Венесуэла музликлари майдони 1952 йилдан то 2019 йилгача 98 фоизга қисқарган.
С.Раҳимов,
ЎзА