Тошкент Молия университети спорт мажмуасида миллий ва хорижий таълим муассасалари талабалари ўртасида кураш бўйича республика турнирининг финал мусобақалари бўлиб ўтди.
Икки кунлик шиддатли беллашувларда эркаклар 4 та, аёллар 3 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришди.
– Давлатимиз раҳбар томонидан имзоланган “Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорда Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида халқаро кураш мусобақасини ташкил этиш белгиланган. Шу мақсадда ўтказиб келинаётган бу йилги мусобақаларнинг саралаш баҳслари жойларда бўлиб ўтди ва финал босқичига етиб келинди. Айтиш лозимки, ҳозирча ушбу турнирга барча олий таълим даргоҳларини қамраб ола билмадик. Келгуси йиллардан мамлакатимиздаги хорижий ва хусусий таълим муассасаларини ҳам кураш мусобақаларига жалб қилишни режалаштирганмиз, – деди Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг ўринбосари Уйғун Умаров.
Муросасиз беллашувлар сарҳисобига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси талабалари 1 та олтин, 2 та кумуш, Тошкент шаҳри вакиллари 1 та олтин, 1 та кумуш, бухороликлар 1 та олтин, 3 та бронза медаллари жамғаришиб, умумжамоа ҳисобида етакчилик қилишди.
Ўз вазн тоифаларида Абдулбосит Абдусалимов, Нодирбек Мавлонбердиев, Сардор Раҳматов, Жаҳонгир Маматраҳимов, Мафтуна Холматова, Асал Джалғасбаева ва Покиза Камолиддиновалар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Риза Нассири иштирок этди.
Т. Рўзиев, ЎзА