Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида бир гуруҳ аёллар ҳудуддаги йўлни тўсиб, сув етиб келмаётганлигига эътироз билдираётган видеолар тарқалди.

Мазкур ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Тўрткўл тумани ҳокимлиги ва туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси масъуллари томонидан ўрганилганида қуйидагилар маълум бўлди.

Ҳақиқатан ҳам Тўрткўл тумани “Калтаминор” овул фуқаролар йиғинидаги бир гуруҳ аёллар ҳудудга сув етиб келмаётганлигига эътироз билдиришган. Ушбу ҳудуд “Калтаминор-1” канали орқали сув билан таъминланади. Аммо туман чегарасига кириб келаётган сув камлиги туфайли каналларга мавжуд сув миқдори жадвал асосида навбатма-навбат берилиб келган ва бу юқорида келтирилган эътирозларга сабаб бўлган.

Бугунги кунда Амударё дарёсида сув оқимининг кўпайиши муносабати билан мазкур ҳудудни сув билан таъминловчи “Калтаминор-1” каналига секундига 5 метр куб сув миқдори ўрнатилди. Тумандаги барча сувчилар аҳолининг сув юзасидан қилган мурожаатини ижобий ҳал қилиш мақсадида томорқаларини суғориш ишларига кўмаклашмоқдалар. Ҳозирги вақтга қадар мазкур ҳудуддаги аҳолининг томорқа майдонларининг аксарият қисми суғориб бўлинди ва суғориш ишлари туну кун давом қилмоқда.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддилари Тўрткўл туманида бўлиб, фермерларнинг ғалла майдонлари ва аҳолининг томорқа майдонларини суғориш ишларини тизимли ташкил қилишни назоратга олган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири