Жорий йил 14-16 май кунлари Марказий ҳарбий округининг Самарқанд вилоятида жойлашган “Сазаган” умумқўшин полигонида “Ватан таянчи” отрядлари аъзолари ўртасида бўлиб ўтган мудофаа вазири кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг финал босқичида Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларидан бири – Қонликўл туманидаги 2-сон умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаси шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олиб, ғалабани қўлга киритди.

2021 йилда илк маротаба ўтказилган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг якуний босқичида ҳам Қорақалпоғистон Республикаси шарафини ҳимоя қилган Кегейли туманидаги 41-сонли мактаб ёшлари юксак натижаларга эришиб, 1-ўринга сазовор бўлишган эди. Мана, орадан роппа-роса 3 йил ўтиб мудофаа вазири кубоги яна Қорақалпоғистон заминига қайтиб келди. Албатта, минглаб ёшларни бирлаштирган мазкур мусобақа ҳар йили янги-янги ғолибларни кашф этиб беради. Аммо Қорақалпоғистон Республикаси ёшлари бу мусобақанинг биринчи ғолиби сифатида зарҳал ҳарфлар билан тарихда қолади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан 2021 йилдан мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг “Ватан таянчи” отрядлари аъзолари ўртасида ёшларни ҳарбий-амалий спорт турларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ёшларни спорт ўйинларига оммавий тарзда жалб этиш, соғлом турмуш тарзини одат қилишга ўргатиш, руҳан ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси ёшларда катта қизиқиш уйғотиб, мухлислари сони йилдан-йилга ортиб, оммалашмоқда.

Икки ҳафта давомида ҳарбий қисмда яшаган ёшлар тажрибали офицер ва сержантлар таркибидан иборат бўлган йўриқчилар назоратида мерганлик маҳоратини ошириб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, саф қўшиқларини ижро этиш, сафда туриш ва шаҳдам қадамлар билан юриш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, эстафета югуришидан кўникмаларини мустаҳкамлади. “Амир Темур тузуклари билимдони” шартига жиддий тайёргарлик кўрилди. Тайёргарлик жараёнида ёшларга осон бўлмади. Эрта тонгдан кечгача давом этган машғулотлар ёшларни ҳолдан тойдирди, лекин шижоатини, ўзига ва ғалабага бўлган ишончини сўндирмади. Мана, машаққатли меҳнат ўз ҳосилини берди ва барча тайёргарликлар бесамар кетмагани ўз исботини топди.

Марказий ҳарбий округи полигонида ўтказилган мусобақанинг финал баҳслари мамлакатимизнинг энг сара ёшларидан иборат 14 жамоани бирлаштирди. Иштирокчилар илк ҳарбий кўникмаларни синовдан ўтказадиган “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, тиббий билимларнинг амалда намойиши бўлган “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, мерганлик маҳоратини намойиш этган “Моҳир мерган”, куч синаш майдонига айланган “Турникда тортилиш”, ўтмишдан сабоқ чиқаришга ундайдиган “Амир Темур тузуклари билимдони” шартларида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишди.

Таъкидлаш жоизки, барчанинг кўз олдида “Сафда қўшиқ айтиш” шартини қорақалпоқ тилида айтган Қорақалпоғистон Республикасининг “Лочин” жамоаси ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчиларда ҳам катта таассурот қолдирди. “Ватан таянчи юлдузлари” деб номланган янги шартда жамоаларнинг санъаткорлик маҳорати синовдан ўтказилди.

Муросасиз, қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг якуни бўйича учинчи ўринни Қашқадарё вилояти Муборак туманининг “Ёш лочинлар” жамоаси эгаллаган бўлса, иккинчи ўринга Тошкент шаҳри Учтепа туманининг “Темурбеклар” жамоаси лойиқ деб топилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманининг “Лочин” жамоаси ҳамда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманининг “Лочин” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Ҳакамлар ҳайъатининг умумлашган қарори билан бош соврин – мудофаа вазири кубоги қорақалпоғистонлик ёшларга насиб этди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округда ғолиб жамоани кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Юксак ишончни оқлаб, уйга ёруғ юз билан қайтган ёшларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси вакиллари ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари кўтаринки кайфиятда кутиб олди.

Шундан сўнг мудофаа вазири кубоги Қонликўл туманига йўл олди. “Лочин” жамоаси аъзолари таҳсил олаётган 2-сонли умумтаълим мактабида шу куни катта байрам бўлди. Ўқувчиларни ғалаба билан табриклаш ҳамда совға-саломларни улашиш мақсадида таълим муассасасига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев ташриф буюрди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўз нутқида Президентимиз томонидан ўсиб келаётган ёш авлод вакилларига жуда катта имкониятлар берилаётганини, уларнинг ўз иқтидори ва салоҳиятини намойиш этишга хизмат қилаётган мана шундай баҳслар ташкил этилаётганини эътироф этди. Ғолиб жамоа аъзоларига мана шундай олис туманлардан бориб, катта ютуқларга эришгани, Қорақалпоғистон Республикаси ва бутун қорақалпоғистонликларнинг шаънини муносиб ҳимоя қилиб келгани учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Бу ғалаба бутун Қорақалпоғистон аҳлининг ютуғи экани таъкидланди.

Ғалаба нашидасини сураётган ёшлар, уларни бу ютуқ сари тарбиялаган, тайёрлаган ва амалий ёрдам берганлар шарафига илиқ сўзлар айтилди ҳамда ҳокимликнинг эсдалик совғалари топширилди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси томонидан ижро этилган ватанпарварлик руҳидаги ўзбек ва қорақалпоқ миллий куй ва қўшиқлари барчанинг байрамона кайфиятини янада кўтарди.

Албатта, мана шундай олис туманларнинг бирида катта байрам бўлишига сабаб бўлган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси катта ҳаёт бўсағасида турган эртанги кун эгалари учун ҳақиқий ҳаёт мактаби, шон-шараф йўли бўлиб хизмат қилишда давом этади.

Тимур Нарзиев,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ

матбуот хизмати бошлиғи подполковник.

Суратларни Мақсад Ҳабибуллаев олган. ЎзА