Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Самарқандга ташрифи давомида шаҳардаги муқаддас қадамжо ва тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилди.

Шоҳи Зинда мажмуаси зиёрати чоғида олий мартабали меҳмонга заминимизга муқаддас ислом динининг кириб келиши ва равнақ топиши йўлида хизмат қилган алломалар ва уларнинг издошлари ҳаёти, фаолияти ҳақида маълумот берилди. Бу ердаги ҳар бир обида ва унинг тарихи, уларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юртимизда диний-маърифий соҳадаги ишларнинг бир кўриниши эканлиги таъкидланди.

Амир Темур мақбараси билан танишув чоғида улуғ жаҳонгир ва темурийларнинг давлатчилик тарихи, Мовароуннаҳрда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари эътироф этилди.

Анвар Иброҳим дунёга машҳур Регистон мажмуасини томоша қилар экан, бу ердаги мадрасалар Самарқанд заминининг азалдан илм-маърифат, маданият маркази бўлганлигини қайд этди.

Малайзия Бош вазирининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.

Ғ.Ҳасанов, Н.Ҳайдаров ва А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари