Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим 17 май куни расмий ташриф билан юртимизга келди.

Пойтахтимиз аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Малайзия Ҳукумати раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Бир неча минг чақирим масофа истаклари, йирик лойиҳалари муштарак давлатларни ажрата олмайди. Ўртада эзгу ният ва ҳамкорлик учун қатъий интилиш бўлса кифоя.

Тошкентдан Куала-Лумпурга учган самолёт тахминан ярим кун парвоз қилади. Бу маълумотни Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги масофани тасаввур қилиш учун келтирдик. Манзил олис, лекин икки давлатнинг дини бир, қадриятлари ўхшаш.

 Бош вазир Анвар Иброҳим ва Малайзия делегацияси аъзолари «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди, мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўли ва ушбу ноёб мажмуанинг яратилиши тарихи билан танишди.

«Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф қилди.

Ҳарбий оркестр икки мамлакат миллий мадҳияларини ижро этди.

Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.

Учрашув аввалида Малайзия Ҳукумати раҳбари Президентимизга Малайзия Подшоҳи Султон Иброҳимнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказиб, делегациясига кўрсатилаётган илиқ ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди.

Музокараларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти сўнгги 16 йилда илк бор ўтказилаётган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги давр очаётганини таъкидлади.

– Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиё минтақасида, балки жаҳон миқёсида катта салоҳиятга эга бўлган, жадал ўсиб бораётган давлатдир. Мамлакатингиз билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш асосий мақсадимиз ҳисобланади, – деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, гуманитар ва таълим дастурларини амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган йил якуни бўйича товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан зиёдга ўсди, қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги авиарейслар кўпаймоқда.

Ўзаро савдо ҳажмининг келгусида ҳам ўсишини таъминлаш ва кўрсаткичларини мувозанатлаштириш, йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Ташриф доирасида ўтказиладиган Ўзбекистон – Малайзия бизнес форуми якунлари инвестициявий шерикликни кенгайтиришга, инновациялар, саноат, “яшил” энергетика, нефть-кимё, электр техникаси ва электроника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда етакчи компаниялар кооперациясига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз Ўзбекистон – Малайзия саноат зонасини ташкил этишга тайёр экани таъкидланди.

Қишлоқ хўжалигида, жумладан, сувни тежаш технологияларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, «Ҳалол» стандартлари бўйича сертификатлаштириш масалалари юзасидан ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Ахборот технологиялари, камбағалликни қисқартириш ва транспорт боғлиқлигини кенгайтириш соҳасидаги шериклик масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кун тартибини тизимли кенгайтириш мақсадида амалдаги Савдо бўйича қўшма қўмитани Ҳукуматлараро комиссияга айлантириш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Маданий-гуманитар алмашинувни янада фаоллаштиришга қатъий интилиш билдирилди.

Кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, энергетика, ислом молияси, экология, сунъий интеллект, туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий-амалий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Малайзиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга оқими тез суръатларда ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Зиёрат туризми бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш, шу жумладан, “Умра плюс” лойиҳасини илгари суриш ҳамда ёшларимиз ўртасида мулоқотни мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинди.

Етакчилар Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳамда Афғонистон масаласи юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

«Марказий Осиё + АСЕАН» форматида ташқи ишлар вазирлари мулоқотини тузиш таклифини кўриб чиқиш ташаббуси билдирилди.

Ишончли, очиқ ва дўстона муҳитда ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Малайзия Бош вазири Кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот билан чиқдилар.

Етакчилар очиқ, ишончли ва дўстона муҳитда ўтган саммитнинг самарали натижаларини юқори баҳоладилар.

Давлатимиз раҳбари икки халқ ўртасидаги умумий дин, муштарак урф-одат ва қадриятларга асосланган азалдан яқин алоқаларни алоҳида таъкидлади.

– Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиёда, балки бутун жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган давлат, бизнинг вақт синовларидан ўтган ишончли ҳамкоримиздир, – деди Ўзбекистон Президенти.

Ривожланиш ва модернизацияга қаратилган «Ўзбекистон – 2030» ва «Малайзия Мадани» стратегик дастурларининг мақсад ва вазифалари ўхшаш экани таъкидланди.

Малайзия Бош вазирининг бугунги тарихий ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очиши ва уларнинг ривожланишига кучли суръат бағишлаши қайд этилди.

Музокаралар чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича устувор йўналишлар ва янги марралар белгилаб олинди.

Олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот ва алоқаларни фаоллаштириш, қўшма Ҳукуматлараро комиссияни ишга тушириш юзасидан келишувларга эришилди.

Яқин келажакда икки томонлама муносабатларни кенг қамровли ҳамкорлик даражасига олиб чиқишга ўзаро интилиш билдирилди.

Етакчилар товар айирбошлаш ҳажмини ва қўшма корхоналар сонини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Томонлар бу кўрсаткичларни яқин келажакда бир неча баробарга ошириш борасида тизимли ишларни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Давлатимиз раҳбари бу мақсадга эришишда товарлар номенклатурасини кенгайтириш ва ўзаро савдонинг мувозанатлилигини таъминлаш, учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, юқори технологияли лойиҳаларни илгари суриш учун махсус саноат зонасини яратиш лозимлигини таъкидлади.

Энергетика, нефть-кимё, тоғ-кон, электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, молия, IT ва бошқа тармоқларда кооперация бўйича аниқ режалар белгиланди.

Самарқанд шаҳрида икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокида бўлиб ўтадиган бизнес форумининг натижалари, имзоланадиган салмоқли инвестиция битимлари ҳамкорликка янги мазмун бағишлашига ишонч билдирилди.

Минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида яқин мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилиш тасдиқланди.

Маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга, жумладан, маданият ҳафталиклари, ёшлар, таълим ва спорт форумлари, турли кўргазмаларни ўтказишга қаратилган чоралар қабул қилинади.

Саммитнинг натижалари Ўзбекистон – Малайзия муносабатларини мустаҳкамлашга, кўп қиррали ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилиши қайд этилди.

Музокаралар якунлари бўйича барча эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Ўзбекистон – Малайзия саммити якунида «Кўксарой» қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Анвар Иброҳим Фахрий меҳмонлар хиёбонида арча экдилар.

Бу халқларимиз ўртасидаги дўстлик мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакат етакчиларининг Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қатъий интилишининг рамзи бўлди.

Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбирлари