14-15 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Кутубхона ҳамдўстлиги: ҳамкорлик ва инновациялар” халқаро МДҲ кутубхоначилари форуми ўтказилди.

Самарқанд шаҳри 2024 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг маданий пойтахти деб эълон қилингани муносабати билан ташкил этилган тадбирда МДҲга аъзо давлатлар миллий кутубхоналари, Москва ҳамда Санкт-Петербург давлат маданият институтлари, болалар ва ёшлар кутубхоналари, Марказий Осиё чегара кутубхоналарининг 30 га яқин раҳбар ва етакчи мутахассислари қатнашди.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Хўжаев, Россия Давлат кутубхонаси бош директори, Евроосиё кутубхоналар ассамблеяси президенти Вадим Дуда, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур тадбир замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кенг оммалашиб бораётган бир пайтда МДҲ давлатлари кутубхоналари масъулларининг ўзаро тажриба алмашиши ва ҳамкорлик қилиши учун қулай майдон бўлганини таъкидлади.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов Самарқанд шаҳри жорий йилда МДҲ маданий пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, вилоятдаги кутубхоналарда китобхонлар учун яратилаётган қулайликлар, бунга маҳаллий ҳокимликларнинг эътиборига тўхталди. Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги бир асрдан ортиқ тарихга эга вилоят болалар кутубхонасида реконструкция ишлари амалга оширилаётганини қайд этиб, келгуси йилда ушбу масканда Марказий Осиё болалар кутубхоналари форумини ўтказиш таклифини билдирди.

Шундан сўнг форум доирасида бир қатор семинар ва учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди.

Жумладан, МДҲ мамлакатлари кутубхоналари раҳбарлари иштирокида ўтказилган “Рақамли авлоднинг ахборот маданияти, Ўзбекистон кутубхоналарида болалар ва ёшларнинг медиа ва ахборот саводхонлигини шакллантиришнинг янги йўналишлари”га бағишланган илмий-амалий семинарда медиа маконида кутубхоначиларнинг ўрни ҳақида сўз юритилди. Бу борада Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт муҳокама этилди.

Марказий Осиё чегара кутубхоналари директорларининг “Трансчегаравий кутубхона ҳамкорлиги: халқаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбатида Евроосиё кутубхоналари ассамблеяси, Россия Давлат кутубхонаси вакиллари билан ўзаро тажриба алмашилди.
Форум доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Россия Давлат кутубхонаси, Хоразм вилояти Маҳмуд аз-Замахшарий номидаги ахборот-кутубхона маркази ва Владимир Маяковский номидаги жамоат кутубхонаси, Сурхондарё вилояти адиб Собир Термизий номидаги ахборот-кутубхона маркази ва Тожикистон Миллий фанлар академияси Индира Ганди номидаги марказий илмий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари