Хабарингиз бор, Россия Премьер-лигаси ҳозирда қизғин паллага кирди ва лига ташкилотчилари мавсум қаҳрамонларини аниқлаш ишларини давом эттирмоқда.

Россия Премьер-лигаси «Йил ўйинчиси» номинацияси бўйича финал босқичига чиққан ўн нафар энг кучли футболчи рўйхатини эълон қилди. Биз учун аҳамиятлиси, «ЦСКА» клубида ўйнаётган легионеримиз Аббосбек Файзуллаев ушбу нуфузли совринга асосий даъвогарлар рўйхатидан жой олди.

Шунингдек, футболчимиз яна бир номинация – «Мавсум кашфиёти» йўналиши бўйича ҳам ғолибликка асосий даъвогарлардан бирига айланди. Ҳамюртимиз «Динамо» вакили Бителло ва «Криля Советов» ўйинчиси Никита Салтиков билан якуний босқичга чиқди ва мана шу уч футболчидан бири мавсум кашфиёти сифатида эътироф этилади.

Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев танловнинг биринчи босқичида мухлислар берган овозларга кўра, энг кўп кўрсаткич билан биринчи ўринга кўтарилди. Энди эса ушбу кучли учликдаги футболчилардан бири мураббийлар, жамоа сардорлари, шарҳловчилар ва мамлакат футбол фахрийларидан иборат махсус ҳайъат томонидан аниқланади. Ғолиблар 26 май куни тақдирланади.

***   

ОФК Ижроия қўмитасининг Таиланд пойтахти Бангкокда бўлиб ўтган учинчи йиғилишида ОФК Аёллар футбол қўмитаси 2026 ва 2029 йилларда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги мезбонларини тасдиқлади. Унга кўра, 2026 йилги турнир Австралияга топширилган бўлса, 2029 йилги қитъа мусобақаси Ўзбекистонда ўтказиладиган бўлди. Мазкур маросимда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам иштирок этди.

***  

Италия кубоги финалида «Ювентус» ва «Аталанта» ўртасида ўйин ўтказилди. Мазкур баҳсда Турин шаҳри жамоаси 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндаги ягона гол 4-дақиқада Влахович томонидан киритилди. Шу тариқа. «Ювентус» 15 карра Италия кубоги соҳибига айланди.

***  

Англия Премьер лигаси видеотакрорлардан воз кечиши мумкин. Бу борада «Вулверхэмптон» клуби АПЛ раҳбариятига VARни бекор қилиш бўйича таклиф киритган. 6 июнь куни клуб вакиллари умумий йиғилишда ушбу масала бўйича овоз беради. «Вулверхэмптон» бу сўровни жўнатишдан олдин чуқур таҳлил ўтказганини, АПЛ ҳамда Ҳакамлар қўмитасини ҳурмат қилишини маълум қилган.

«Вулверхэмптон» бу таклифни киритишига VAR АПЛда 5 йилдан бери фойдаланиб келинаётгани ва ушбу тизимнинг арзимаган фойдасига катта ҳақ тўланаётгани асосий сабаб бўлган. Шунингдек, таклиф сўнгида футболнинг асл жозибаси тушиб бораётгани таъкидланган.

АПЛ раҳбариятининг ўзи VARнинг бекор қилинишига қарши, лиганинг маълум қилишича, бу ўйинлардаги хатоларнинг ортишига ва АПЛнинг имижига ёмон таъсир кўрсатиши ҳақида фикр билдирмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА