9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг нишонланди.
Нукус шаҳри Хотира хиёбонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондонлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари гулдасталар қўйди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбир иштирокчилари “Ватанпарварлар боғи”да жойлашган ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар , “Хотира уйи”даги ота-боболаримиз жасорати ҳақидаги маълумотлар, уруш йиллари даврий нашрларда чоп этилган мақола ва очерклар, ёзилган хатларнинг нусхалари ва бошқа маълумотлар билан танишди. Қорақалпоғистон санъат усталари ҳамда Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари