Ватанни севинг, уни ардоқланг

220

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Нукус шаҳрида Қуролли Кучлар фахрийлари ва ёшлар иштирокида тадбирлар ташкил этилди.

9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб “Инсон азиз, хотира муқаддас!” шиори остида ўтказилган тадбирларнинг асосий мақсади Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган инсонларнинг ҳаёт йўли мисолида  ёшларни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдир.

Нукус шаҳрида жойлашган “Ватанпарварлар боғи”га кўп йиллар Қуролли Кучлар сафида хизмат қилган фахрийлар ва ёшлар иштирокида ўтказилган саёҳат ёш авлоднинг ҳарбий касбга қизиқишини ошириш, ёшларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдиришга хизмат қилади.

Дастлаб фахрийлар ва ёшлар “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, Ватан озодлиги йўлида курашиб ўтганларнинг хотирасини ёдга олди. Фахрийлардан фашизмга қарши курашишда ота-боболаримиз кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида маълумотларга эга бўлди. Шундан сўнг “Ватанпарварлар боғи”да жойлашган ҳарбий техникалар билан танишув ўтказилиб, уларнинг жанговар қудрати, яратилиш тарихи атрофлича тушунтириб берилди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар учрашувга ўзгача файз бағишлади.

Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги маълумотларни ўзида сақлаб келаётган “Ватанпарварлар боғи”даги “Хотира уйи” ёшлар ва фахрийларнинг кейинги манзили бўлди. Ота-боболаримиз жасорати ҳақидаги маълумотлар, уруш йиллари даврий нашрларда чоп этилган мақола ва очерклар, ёзилган хатларнинг нусхалари ва бошқа маълумотлар ёшларда катта таассурот қолдирди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида ўқувчи-ёшлар ва Қуролли Кучлар фахрийлари шахмат тахтаси устида учрашиб, ўзаро баҳслашишди. Соғлом рақобат муҳитида ўтган беллашув ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини, спортда, билимда, санъат ва ижодда ўзларини намоён эта олишларини исботлади. Мусобақа якунида юқори ўринларни эгаллаган ёшлар ва фахрийлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Мудофаа вазирлигининг “Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун” кўкрак-нишонлари нафақада бўла туриб, ёшлар тарбиясида жонбозлик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ вазирлик фахрийларига тантанали тарзда топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА мухбирлари