Бугун, 8 май куни яна 79 кундан сўнг Парижда бошланадиган ёзги Олимпия ўйинлари машъаласи Франциянинг Марсель портига етиб келади. Машъалани кутиб олишга бағишланган тантанали маросимда 150 мингга яқин киши иштирок этиши кутиляпти.
Машъала XIX асрни эслатадиган ноёб елканли кемадан қуруқликка ўтади ва мамлакат ҳудуди бўйлаб 79 кун давомида 12 минг километр йўлни босиб ўтади. Эстафетага 450 га яқин шаҳар, музофот гувоҳ бўлади. Бу ҳақда insidethegames.biz сайти ёзган.
Ушбу тадбирларда Франция спорти етакчилари, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиблари, таниқли арбоблар иштирок этиши белгиланган. Улар орасида сузиш бўйича тўрт карра Олимпиада совриндори Флорану Манаду, баскетболчи Тони Паркер, футболист Дидье Дрогба бор.
Машъалани кутиб олиш тантанасига таклиф этилган машҳур футболчи Зайниддин Зидан “Париж-2024” Олимпия ўйинлари ҳомийларидан бири “Coca-Cola” компаниясига қарши норозилик сифатида тадбирда қатнашишдан бош тортди.
“Париж-2024” ташкилий қўмитаси раиси Тони Эстанге журналистларга энг йирик спорт анжумани юз йил ўтиб, замонавий Олимпия ҳаракати ташаббускори Пьер де Кубертен ватанига қайтиши тарихий аҳамиятга эга экани, бу воқеа Олимпия ғоясининг азалий анъанасига содиқлик йўлида туб бурилиш нуқтаси бўлишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, “Париж-2024” Олимпиадаси 26 июль-11 август, ёзги Паралимпия ўйинлари эса 28 август-8 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА