Ҳар қандай соҳанинг, хусусан спорт турларининг ривожи, оммалашиши, янгича тамойилларнинг жорий этилиши муҳокамалар, фикрлар қарама-қаршилиги асосида рўй беради.

Пойтахтимиз Тошкентда «Жаҳонда қиличбозликни ривожлантириш» мавзуига бағишланган қитъалараро конференцияси ҳам айни ҳаракатнинг ёрқин намойиши бўлди.

120 га яқин давлат делегатлари иштирок этган ушбу анжуманда қиличбозлик спортининг истиқболли лойиҳалари кўриб чиқилмоқда. Соҳанинг дунёдаги энг кўзга кўринган арбоблари ва мутахассислари, Осиё, Европа, Африка ва Панамерика қиличбозлик конфедерацияси етакчилари ҳамда Халқаро қиличбозлик академияси вакиллари, мутахассислар иштирокида қиличбозлик спортининг келгуси масалалари муҳокама қилинмоқда.

Конференциянинг илк иш кунида «Қиличбозликни ривожлантириш учун янгича ёндашувлар», «Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати – муваффақият ва тараққиёт» каби мавзуларга эътибор қаратилди.

Муҳокамалар жараёнида Африка қиличбозлик конфедерацияси президенти Мбагник Ндиае, Осиё қиличбозлик конфедерациясининг ижрочи котиби, ҳамюртимиз Гулнора Саидова, Панамерика қиличбозлик конфедерацияси ижрочи котиби Мелисса Алваренга, Халқаро қиличбозлик федерацияси аъзоси Энтони Жр. Доналд, Япония қиличбозлик федерациясининг бошқарувчи директори Киёши каби мутахассислар ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этди.

Конференция ўз ишини давом эттирмоқда.

Т.Рўзиев, Р.Назарматов (фото), ЎзА